Жапаров йил охиригача Қирғизистон чегарасидаги муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди
Олам
−
05 Май 2021
5517Қирғизистон йил охиригача чегарадаги баҳсли участкалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади. Бу ҳақда Республика Президенти Садир Жапаров бугун, 5 май куни мамлакат пойтахти Бишкек шаҳрида Конституция куни муносабати билан сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Биз бу йил қўшни давлатлар билан чегара масаласида келишувга эришишни мақсад қилиб қўйдик”, дейди у.
Жапаров чегараларни белгилаш масаласи ўнлаб йиллар давомида ҳал қилинмаганини таъкидлаган.
“Бундан ташқари, биз қўшниларимизга транспорт ва ҳаво йўлаклари, чегарада иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича қатор давлатлараро лойиҳаларни, шу жумладан сувдан фойдаланиш каби мураккаб масалалар бўйича чора-тадбирларни таклиф қилмоқчимиз”, дейди Қирғизистон раҳбари.
Жапаров, шунингдек, Қирғизистон етакчи ва ўзига хос ташқи сиёсий лойиҳа – Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни давом эттиришини ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳам икки томонлама, ҳам 5+1 форматида алоқаларни ривожлантиришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги 900 км дан ортиқ чегаранинг 370 кмдан ортиғи ҳозиргача белгиланмаган. Айнан ушбу баҳсли ҳудудлар вақти-вақти билан икки мамлакат аҳолиси ўртасида тўқнашувлар зонасига айланмоқда.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 апрелида қирғиз-тожик чегарасида можаро бошланиб, 1 май куни якунланди. 3 кун давом этган зиддият икки томондан 50 дан ортиқ тинч аҳолини ҳалок қилди.
LiveБарчаси