Жапаров Ўзбекистон билан чегара масаласи ҳал қилинмаса, оқибати ёмон бўлишидан хавотирда

Олам 26817
image

Агар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги бугун кун тартибида турган чегара масаласини кейинги қолдирилса, 19 минг гектар эмас, 1 сотих ер учун қон тўкилиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 17 ноябрь куни парламентда депутатларга қилган мурожаатида сўз очди

У депутатларни Ўзбекистон билан давлат чегараси ҳақидаги келишувни қўллаб-қувватлашга чақирди. 

Президентнинг ишонтиришича, “Кампиробод” сув омбори атрофидаги вазият ташвиш туғдирмаслиги керак. 

“Кампиробод” сув омбори остидаги ерлар Ўзбекистон томонига ўтиб кетишидан хавотирда бўлганларга мурожаат қилмоқчиман. Ҳисоботда (Қамчибек – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошлиғи) Ташиев таъкидланганидек, 1965 йилда сув омбори остидаги 4 минг 127 гектар ер ўзбек томони билан алмаштирилган эди”, дейди Жапаров.

Жапаров сув омборида сув тугаб қолган тақдирда ҳам бу ерларни айирбошлаш мумкин бўлишини таъкидлади. 

“Биз бу ерларни ҳатто бир йил, 10 ёки 100 йилдан кейин ҳам сув остида алмаштира оламиз, лекин ундан олдин ўзимиз фойдаланишимиз керак. Бугунги келишувни тузиб, чегара масалаларига чек қўйиш керак. Нафақат Ўзган бўйлаб, балки бутун республика бўйлаб узунлиги 1,5 минг км бўлган чегаралар масаласи ҳал қилинмоқда”, дейди Жапаров. 

Жапаровга кўра, чегара масаласи ҳозир ҳал этилмаса, келажакда яна бундай қулай келишувга келиш қийин бўлади. 

“Қўшниларимизнинг аҳолиси йилдан-йилга кўпайиб, ер майдони кичрайиб бормоқда. Саволни кейинга қолдирадиган бўлсак, 19 минг гектар эмас, 1 сотих ер учун қон тўкилиши эҳтимоли бор. 30 йил ичида чегара муаммоси туфайли қанча одам ҳалок бўлди. Биз ер бермаймиз, аксинча, берилган ерларни қайтарамиз”, дейди Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, илк бор "Кампиробод" сув омбори қандай қилиб Ўзбекистонга ўтаётганига аниқлик киритган эди.

Маълумот учун, “Кампиробод” сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншооти. 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган бу сув омборининг умумий майдони – 55 кв км, сув сиғими – 1 млд 950 м3 бўлиб узоқ йиллар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида талаш бўлиб келаётган эди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1161
Рейтинг: 3
t
×