Жапаров Президент бўлиш учун ҳозирги ваколатларидан кечишга тайёрлигини айтди

Олам 5328
image

Қирғизистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи – Бош вазир Садир Жапаров 2021 йилнинг 10 январь куни бўлиб ўтиши режалаштирилаётган навбатдан ташқари президент сайловларида қатнашиш учун декабрь ойида лавозимидан кетишни ният қилганлигини айтди. 

"Мен декабрь ойида истеъфога чиқаман ва бошқалар билан бир қаторда сайловга бораман", дейди Жапаров Норин вилоятига сафари чоғида. 

Унга кўра, у президентлик сайловларида иштирок этиш учун ўз ваколатларини беришга тайёр. Ҳозирда Қирғизистон қонунчилиги Президент вазифасини вақтинча бажарувчи ёки Бош вазирнинг Президентликка номзодини кўрсатишини тақиқлайди. 

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб қон тўкмаслик учун истеъфо берди. 

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 80
Рейтинг: 2.9
t
×