Жапаров Қирғизистонда “Амирсой”дагидек курортлар нега йўқлигини айтди
Олам
−
26 Январь
20990Кеча, 25 январь куни Тошкент вилоятида жойлашган “Амирсой” курорт мажмуасида Президент Шавкат Мирзиёев билан норасмий учрашув ўтказганидан сўнг Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўз мамлакатида курорт зоналар нега ташкил этилмаганини айтди. Бу ҳақда у ўзининг саҳифасида пост қолдирди.
Жапаров “Амирсой” чанғи курортини мақтаб, Қирғизистонда бундай мажмуалар қурилмаганини танқид қилди:
“Давлатимиз ҳудудининг 94 фоизини тоғлар эгаллайди. Еттита ҳудудимизнинг ҳар бирида шундай курортлар бўлиши мумкин эди. Лекин бизда улар деярли йўқ. Нима учун? Чунки мустақилликни қўлга киритганимиздан буён, оддий одамлардан тортиб президентларгача биз фақат сиёсат билан шуғулландик. Ҳар куни митинглар ўтказдик, ҳар куни тўйлар бўлди. Иқтисодиёт, туризм ва бошқа муҳим соҳаларга эътибор бермадик.
“Амирсой” тоғ-чанғи базасига қараб, лол қолдим. Мавқедошим Шавкат Мирзиёев бу базани нолдан юқори даражада қуриб чиқди. Гап йўқ. Зўр иш.
Қанчадан-қанча одамлар иш билан таъминланган. Миллионлаб туристлар бу ерга дам олиш учун келяпти. Сервис даражаси Европаникидан қолишмайди. Ҳаммаси юқори даражада”, дея ёзган Қирғизистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан “Амирсой” курорт мажмуасида норасмий учрашув ўтказгани ҳамда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси