Жапаров “Июнь воқеалари” Қирғизистонни бўлишга қаратилганини айтди
Олам
−
11 Июнь 2022
15696Қирғизистонда 2010 йил 11 июнда содир бўлган воқеалар мамлакатнинг бўлинишига олиб келиши мумкин эди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Июнь воқеалари”нинг 12 йиллиги билан йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.
Жапаровнинг қайд этишича, 30 йиллик мустақиллик давомида қирғиз халқи оғир синовлардан ўтган ва улардан бири – 2010 йил июнь ойидаги фожиали воқеалар.
“Уч минг йиллик бой тарихга эга бўлган кўп миллатли Ўш шаҳрида ҳам, муборак Жалолобод шаҳрида ҳам ташқи бузғунчи кучлар, қолаверса, айирмачилар ҳам халқ бирлигини бузишга уриндилар. Бу кучлар аҳил-иноқ яшаётган икки халқни бўлиб, бирдамлигини бузиб, ёлғон маълумотлар тарқатиш, жамиятда миллатлараро адоватни қўзғатиш, ўз манфаатларини кўзлаб, давлатимиз келажагини барбод қилишга уриниб, низо оловини ёқиб юборди”, деган Жапаров.
Жапаровнинг қайд этишича, бу фожиали воқеалар Қирғизистоннинг яхлитлиги ва бирлигига путур етказиши мумкин.
“Бироқ ўз тарихида бундан-да қийин ва оғир синовларни бошидан кечирган халқимиз, ўзининг донолиги, саховатпешалиги ва сабр-тоқати билан адоват алангасини ўчирди, ўз бирлиги, юрт яхлитлигини сақлаб қолди. Шу тариқа у тинч-осойишта ҳаётни тиклаш, барқарор тараққиёт йўлига киришнинг ўзига хос намунасини кўрсатди”, дейди Президент.
Қирғиз халқи синовлар соатида ёрдамга келганларни ҳеч қачон унутмайди, дея қўшимча қилган Жапаров.
“Биз барча томонларга ва халқаро ҳамжамиятга ушбу оғир кунларда кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорлик билдирамиз. Жабрланганларга кўрсатилган ёрдам учун барча мамлакат фуқароларига миннатдорлик билдирамиз”, деди у.
Жапаровнинг фикрича, ушбу фожиали воқеа бир ҳудудда истиқомат қилаётган барча миллат вакилларининг ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор исботлаган.
“Фожиа кўзимизни очди, давлат яхлитлиги йўлида ўз ишимизда эҳтиёткор бўлишимиз кераклигини яққол кўрсатди. Бу воқеалар ҳар бир қирғиз фуқаросида мамлакатимиз тақдири учун масъулият ҳиссини уйғотди”, дейди Қирғизистон Президенти.
Маълумот учун 2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. “Ўш воқеалари” номи билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар сони эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.
Республиканинг яқин тарихидаги биринчи инқилоб 2005 йил март ойида ўтказилган, унинг натижасида биринчи Президент Асқар Акаев ҳокимиятдан ағдарилган, у ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан оиласи билан чет элга кетишга мажбур бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь