Жапаров Эрдўғанга иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро йиғилиш ўтказишни таклиф қилди
Олам
−
16 Март 2023
2232Кеча, 15 март куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув чоғида мамлакат раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилган. Суҳбатда улар мамлакатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган.
Ражаб Тойиб Эрдўған Садир Жапаровни илиқ кутиб олиб, жорий йилнинг февраль ойида Туркияда содир бўлган зилзилалар оқибатларини бартараф этишда кўрсатган гуманитар ҳамда молиявий ёрдами учун Қирғизистон томонига миннатдорлик билдирган.
Шунингдек, Туркия раҳбари савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига тўхталиб, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасидаги ривожланиш динамикасини мамнуният билан қайд этган. Бугунги кунда Туркия ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ижобий суръатда бўлиб, 26 фоизга ўсган. Келгусида ушбу кўрсаткични 2 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, Туркия Президенти туркий инвестиция фондини ташкил этиш ва унинг Бишкек шаҳрида минтақавий ваколатхонаси очилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Президент Садир Жапаров қирғиз халқи ҳар доим қардош Туркияни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтган. Шунингдек, у 2023 йилнинг 14 майига мўлжалланган президент сайловлари муваффақиятли ўтказилишини тилаб қолган.
Шу билан бирга, Садир Жапаров яқин келажакда иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишни таклиф қилган. Қирғизистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича Туркия томони билан фаол ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини билдирган.
Томонлар икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакатнинг барқарор ривожланиши, барқарорлиги ва равнақига кўмаклашиш мақсадида жаҳон саҳнасида мулоқот ва ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашган эди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 март куни Туркия пойтахти Анқарада Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади. Саммит Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан ўтказилмоқда. Саммит дастури якунида давлат раҳбарлари Анқара декларациясини имзолайдилар.
LiveБарчаси