Жанубий Корея Украинага қурол етказиб беришни бошлаши мумкин
Олам
−
20 Июнь
6472Россия ва КХДР ўртасида мудофаа битими тузилгач, Жанубий Корея Украинага қурол етказиб бериш масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда бугун, 20 июнь куни мамлакатнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чанг Хо Жин маълум қилди.
Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳамкорлик, мудофаа ва стратегик шерикчилик тўғрисидаги битим имзолангани сабабли Сеул ўз позициясини ўзгартирди.
“Жанубий Корея ҳукумати бу яқинлик туфайли жиддий хавотирда ва ушбу келишув имзоланишини қоралайди. Шимолий Кореянинг ҳарбий кучини мустаҳкамлашга бевосита ёки билвосита ҳисса қўшадиган ҳар қандай ҳамкорлик БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузиш ҳисобланади”, дейди Хо Жин.
Бироқ, ҳозирча Жанубий Корея Президенти идораси Сеулнинг Киевга қурол-яроғ етказиб бериш масаласи бўйича қандай тўхтамга келганини ҳали эълон қилмади. Бу эса улар ҳали мазкур мавзуда очиқ изоҳ бермасликларини кўрсатмоқда.
“Аниқ чора-тадбирлар кейинроқ эълон қилинади. Чунки биз режаларни олдиндан ошкор қилмоқчи эмасмиз ва биз Россиянинг муносабати билан қизиқамиз”, дея тушунтирди Жанубий Корея Президенти идорасидаги манба “Yonhap” ахборот агентлигига.
Бугунги кунда Жанубий Корея дунёдаги энг йирик қурол етказиб берувчилардан бири. Аммо у ҳозирча Украинага қурол етказиб бермайди. Россия Президенти Владимир Путин яқинда икки давлат муносабатларидаги бу ҳолатни қадрлашини алоҳида таъкидлаб ўтганди.
Маълумот учун, 1948 йилгача ягона давлат бўлган Жанубий ва Шимолий Корея 75 йилдан буён яхши қўшничилик муносабатларини ўрната олмаяпти. Икки мамлакат ўртасидаги кескинлик Шимолда ҳокимият Ким Чен Инга меърос қолдирилгандан буён янада кучайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия Президенти Владимир Путин билан имзоланган кенг қамровли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг мазмунини эълон қилганди. Битимнинг мудофаага оид қисмида икки давлатнинг бирига босқин уюштирилган тақдирда ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги банд мавжуд.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь