Жанубий Корея полицияси Президент идорасида тинтув ўтказди
Олам
−
10:42
1629Жанубий Корея полицияси бугун, 11 декабрь куни мамлакат Президенти Юн Сок Ёль маъмуриятида 3 декабрь куни мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этгани муносабати билан тинтув ўтказди. Бу ҳақда "Yonhap" хабар берди.
Миллий полиция агентлиги, Сеул полицияси ва Миллий ассамблея хавфсизлик хизмати ҳам тинтув қилинган. Рейдлар ҳарбий ҳолат воқеаларини текшириш учун тузилган махсус тергов гуруҳи томонидан амалга оширилган.
Бир кун аввал суд Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилинишига алоқадорлиги сабабли давлатга хиёнатда айбланган собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хённи ҳибсга олишга қарор қилди. Бундан ташқари, Миллий полиция агентлиги комиссари генерал Чо Жи Хо ва Сеул полицияси раҳбари Ким Бонг Сик ҳам ҳибсга олинган.
Бугун, 11 декабрь куни эрталаб Ким Ён Хён ўз жонига қасд қилишга урингани маълум бўлди, бироқ унинг олди олинди. Ким ҳозир барқарор ҳолатда. Ким ўз адвокатлари орқали "бу вазият учун барча жавобгарлик" фақат ўзида эканлигини ва унинг қўл остидагилар "шунчаки буйруқларни бажараётганини" айтди.
Аввалроқ Президент Юн Сок Ёлга Жанубий Кореяни тарк этиш тақиқланган эди ва у ҳарбий ҳолат эълон қилгани муносабати билан тергов остида.
7 декабрь куни парламент давлат раҳбарига импичмент эълон қилишга уринди, бироқ ҳукмрон партия парламентарийлари овоз беришга бойкот эълон қилгани сабабли уриниш муваффақиятсизликка учради.
Ўша куни кечқурун парламент биноси олдига 100 мингга яқин одам йиғилиб, Президентнинг истеъфосини талаб қилди.
Жанубий Кореядаги энг йирик мухолиф куч – "Тобуро" демократик партияси Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилинишини эълон қилди. Янги овоз бериш 14 декабрь куни бўлиб ўтиши керак. Импичментни амалга ошириш учун 200 та овоз керак, охирги марта эса бу овозга қўйилганда бешта овоз этишмаган эди.
LiveБарчаси