Жамиятимиз разолат ва сукут учун жуда оғир бадал тўлаяпти – Мирзиёева

Жамият

image

Ўзбекистон сиёсий элитасидан бугун гендер тенглик, аёлларга нисбатан ҳурмат ҳақидаги баландпарвоз гапларни кўп эшитамиз. Бироқ, бу гаплар ва уларнинг амалдаги ифодаси маҳаллий идоралар, қуйи бўғинларга етиб бормагани, оилаларга киришда остонадан хатлай олмаётгани сўнгги воқеалар натижасида яққол намоён бўлмоқда. 

Айтайлик, Термизда 14 ой аввал ўқувчи қиз зўрланди ва ота-онаси ишчи ишлар оганларига мурожаат қилишига қарамай, иш бости-бости қилиб келинди. Навоийда эса аёл уч қизи билан ўзини поезд тагига ташлашга уринди. Хоразмда эса 19 яшар келин қўшнисидан 5 минг сўм қарз олгани учун қайнотаси ва қайниси томонидан дўппосланди. Таҳқирлашларга чидай олмаган келин ўз жонига қасд қилган. Бу мамлакатда аёлларга нисбатан муносабатнинг ҳақиқий мисоллари. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева жамият аёлларга нисбатан разолат ва бундай воқеаларга сукут, қолаверса, “аёлнинг ўзи айбдор” деган қотиб қолган стереотиплар учун оғир бадал тўлашини айтиб чиқди. 

“Аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги янгиликлар кейинги кунларда умидсизлик занжирига боғланиб кетяпти. 

Бири ўғил фарзанд кўролмагани учун қизлари билан ўзини поезд тагига ташлади. Бошқаси калтакларга чидолмай, ўзини осди. Қўшниларидан йўлкирага беш минг олганига дўппослашибди. Норасида қизнинг номусига теккан кимса жазосиз қолди, оиланинг зўравонга кучи етмади. 

Бундай хабарларни эшитиб, одамнинг кўнгли бузилиб кетяпти. Бу ҳали дараги бизгача етиб келганлари. Яна қанчаси бости-бости бўлиб кетяпти экан?”, дейди Мирзиёева.  

Саида Мирзиёевага кўра, аёлларга нисбатан зўравонлик қўл урганларнинг жазо олмаслигига яна аёллар ва буни кўриб, гувоҳ бўлиб турган жамоатчиликнинг сукут сақлаётгани сабаб бўлмоқда. 

“Аёл киши уйидаги гапни ташқарига чиқариши, дарди, мусибати ҳақида бировларга гапириши қанчалик қийинлигини тушунаман. Кўпчилик хотин-қизлар буни ўзи учун шармандалик деб билади. Ана шу ўринсиз уятни енгиб, зўравонлик ҳақида очиқ сўзлай олаётганлар таҳсинга лойиқ. Сиз фақатгина ўзингизга эмас, балки кун сайин, йиллаб зулмга чидаб келаётган, жабрдийда бўла туриб, таъналар тагида қолишдан қўрққан, ҳатто энг яқинларига ҳам дардини айта олмаётган аёлларга ёрдам беряпсиз”, дейди Саида Мирзиёева.

Президентнинг қизи шаъма қилишича, мамлакатда аёллар билан боғлиқ жиноятларни қўллаётган, телефон орқали иш битирадиганлар бор ва улар қилмишидан уялиши керак. 

“Бировга зулм қилувчилар, мансабидан фойдаланиб, жиноятчиларни қўллаётганлар, телефон орқали иш битирадиганлар, одам танлаб, айримларни бошқалардан устун қўядиганлар шарманда бўлсин! Шулар таънага қолсин!  

Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди. Битта қўнғироқ навниҳол қизнинг номусига тенглаштирилибди. Бир оғиз маломат она ва унинг қизалоқлари ҳаёт-мамотини ҳал қилибди.

Жамиятимиз разолат ва сукут учун, “аёлнинг ўзи айбдор” деган қараш учун жуда оғир бадал тўлаяпти. 

Қонунлар бор.

Ҳамма қонун олдида бирдек жавоб бериши керак. Aёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни ҳаққоний тергов қилиш масаласи бирламчи вазифалар қаторида бўлиши шарт. 

Жиноятчилар жазо муқаррар эканини билсин!”, дейди Саида Мирзиёева.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

345

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг