Жалолов яна “катта” гапирди. Шов-шувли матбуот анжумани (видео)
Спорт
−
16 Ноябрь 2023
26507Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган Бутунжаҳон бокс иттифоқининг 61-Конвенцияси тобора ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Ташкилотнинг йиллик ҳисобот тадбирлари ниҳоялаб, 17 ноябрь куни “Ҳумо арена”да ўтказиладиган профбокс турнири бўйича расмий тадбирлар бошланди. Дастлаб боксчилар иштирокидаги матбуот анжумани ўтказилди. WBC президенти Маурисио Сулейман, афсонавий америкалик боксчи Эвандер Холифилд ва Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси вице-президенти, WBC Конвенциясида ташкилот олий кенгаши аъзосига айланган Ғофур Раҳимов ҳам матбуот анжуманида иштирок этди.
Боксчилар билан мулоқотдан аввал Маурисо Сулейман ва Ғофур Раҳимов ўзбек бокси афсоналари Руфат Рисқиев ва Муҳаммадқодир Абдуллаевни эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Хўш, Жалолов ўз хейтерларига қандай салом йўллайди? Профбоксда унинг муносиб рақиби ким бўлиши мумкин?
Шунингдек, асосий кардда жанг қиладиган бир қатор Ўзбекистон вакиллари Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Миразизбек Мирзаҳалилов ва Абдумалик Халоков ҳам ОАВ саволларига жавоб берди. Энди улар бугун бўлиб ўтадиган "face-to-face" маросимида қатнашади ва шундан кейин бор эътиборини бўлажак жангга қаратади.
Матбуот анжумани якунланиб, ҳамма боксчилар ОАВга интервью бераётган бир вақтда биз Ўзбекистоннинг етакчи спорт журналистларидан бири, шарҳловчи Даврон Файзиевнинг Конвенция ва ўзбекистонлик боксчилар тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдик.
Хабарингиз бор, келаси йилнинг 17 февраль кунида Саудия Арабистонида бугунги кунда супероғир вазн тоифаси қироллари украиналик Александр Усик ва британиялик Тайсон Фьюри ўртасида 4 та йўналиш камари учун даҳшатли жанг бўлиб ўтади. Усик кечагина айнан мазкур жангнинг матбуот анжуманида қатнашиш учун, Тошкентдан Лондонга учди. Фьюри эса жанг ўтказгани ҳали кўп вақт бўлмагани ва Усикга қарши расмий тадбирда иштирок этиши боисидан Тошкентга келмаганди. Файзиев иккала боксчининг бўлажак жанги олдидан уларнинг имкониятини чамалади.
Ҳа айтганча, 17 ноябрь куни “Ҳумо арена”да ўтказиладиган жанг оқшомининг асосий меҳмони Майк Тайсон 16 ноябрга ўтар кечаси Тошкентга етиб келди. “Темир” Майк жудаям чарчаб келгани боис, атиги биттагина саволимизга жавоб берди. Бироз вақт ўтиб, Тайсон ўнлаб қўриқчилар назоратида, катта оломон қуршовида меҳмонхонага йўл олди. 17 ноябрь куни "Ҳумо арена"да афсонавий Тайсон ўзбекистонлик мухлислари билан кўришади ва ўзбек боксчилари иштирокидаги жангларни томоша қилади. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ'да кузатишингиз мумкин.