Жалолов “Странжа” турнирида 1 та жанг ўтказиб олтин медални қўлга киритди
Спорт
−
26 Февраль 2023
22899Аввал хабар берганимиздек, бугун, 26 февраль куни Болгариянинг София шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича нуфузли “Странжа” турнири ўз поёнига етади. Сўнгги кун дастурида икки нафар ўзбекистонлик боксчи муддатидан аввал олтин медални нақд қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
-86 кг вазн тоифасида Шоҳжаҳон Абдуллаев италиялик Винченсо Лиззи қарши, +92 вазнда Баҳодир Жалолов Арманистон вакили Давит Чалоян қарши рингга кўтарилиши керак эди, бироқ ўзбекистонлик боксчиларнинг рақиблари жанг ўтказишдан бош тортган.
“Баҳодир Жалолов ва Шоҳжаҳон Абдуллаев муддатидан олдин чемпион бўлди. Терма жамоамиз бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг хабар беришича, боксчиларимизнинг рақиблари бугунги финал жангига чиқишдан бош тортган”, дейилади федерация хабарида.
Қизлар ўртасида -48 кг вазн тоифасида Саидахон Раҳмонова финалда мезбон боксчига имкониятни бой берди ва мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов Софиядаги турнирда фақатгина 1 та жанг ўтказди. У турнирдаги илк баҳсида америкалик Эдвардс Жошуани мағлуб этганди. Ярим финалда қозоғистонлик Камшибек Кўнкабаев ҳам Жалоловга қарши рингга кўтарилишни истамади.
LiveБарчаси