Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар нархлар ошишига сабаб бўлди – Мирзиёев 

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мирзиёевнинг мурожаатини Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўқиб эшиттирган. Мурожаатда Президент озиқ-овқат хавфсизлиги, уни барқарор етказиб бериш, очлик ва қашшоқликка қарши кураш масалалари бугун ҳам ўта долзарб бўлиб қолаётганини қайд этган.

“Сўнгги ўн йилларда “яшил инқилоб” ва инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди, тобора кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Шунингдек, Мирзиёев кейинги пайтда коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида занжирларнинг узилиши ва нархлар ошишига сабаб бўлаётганига эътибор қаратган.

“Бундан айниқса ривожланаётган мамлакатлар жабр кўрмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига инвестиция ҳажми камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдирмоқда”, дейди Мирзиёев.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош котиби Антонио Гутеррешнинг 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари бўйича глобал саммит ўтказиш борасидаги ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган. 

“Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, ташқи таъсирларга чидамли навларини яратиш, чорва наслини яхшилаш ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Фермерлар ва кичик ишлаб чиқарувчилар учун ахборот-консалтинг марказларини ташкил этиш, уларни ресурс тежайдиган илғор технология ва усуллар бўйича ўқитиш учун агро-консалтинг хизматлари сифатини тубдан яхшилаш ҳам долзарб бўлиб бормоқда”, дейилади Президент мурожаатида.

Шунингдек, Президент замонавий технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги фермерлар учун бир хилда очиқ ва ҳамёнбоп бўлиши кераклигини айтган. 

“Биз халқаро молия институтларини ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг “яшил технологиялар”дан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирамиз”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Бундан ташқари, Мирзиёев энг зарур маҳсулотлар савдоси ва транспортировкасида тўлиқ эркинлик ҳамда озиқ-овқат юклари ҳаракатини тартибга соладиган қоидаларни соддалаштириш тарафдори эканини билдириб, савдо йўллари хавфсизлиги ва очиқлигини таъминлаш давлатлараро муносабатларда ўзгармас тамойил бўлиб қолиши зарурлигини айтган.

Қайд этиш жоизки, агротармоқ Ўзбекистон иқтисодиётидаги етакчи секторлардан бири бўлиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилади. 

Маълумот учун, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуманда дунёнинг 32 та давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотдан вакиллар қатнашмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд Абдулла Арипов Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг