Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган энг кичик давлат маълум бўлди

Спорт

image

Бугун, 19 ноябрь куни Кюрасао терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши “Б” гуруҳи сўнгги турида Ямайка билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, ўз тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа Кариб денгизидаги 156 минг аҳолига эга кичик орол давлати Жаҳон чемпионатига чиққан энг кичик давлат сифатида тарихга кирди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.

Кариб денгизида жойлашган кичик орол давлати бор-йўғи 156 115 кишилик аҳолига ва атиги 444 квадрат километр қуруқликка эга. Кюрасао саралашни мағлубиятга учрамасдан якунлади ва 12 очко билан “Б” гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Улар 2018 йилги  350 000 дан сал кўпроқ аҳолиси билан Жаҳон чемпионатида қатнашган Исландия рекордини ортда қолдирди .

Шахсий сабабларга кўра, охирги ўйинда қатнашмаган Кюрасао бош мураббийи Дик Адвокат фаолияти давомида Нидерландия, Жанубий Корея, Бельгия ва Россия терма жамоаларида ҳам ишлаган.

КОНКАКАФ саралашининг якуний турида Панама, Гаити ҳам мундиал йўлланмасига эга бўлди. Панама Салвадор устидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан “А” гуруҳида етакчига айланган бўлса, Гаити эса Никарагуани 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, саралашни муваффақиятли якунлади.

Ямайка ва Суринам эса иккинчи ўрин билан FIFA’нинг федерацияларлар плей-офф босқичига йўл олди. Улар март ойида Боливия, Янги Каледония, Конго ва Ироқ билан иккита қолган мундиал йўлланмаси учун курашади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Жаҳон чемпионатига йўл олган 42 та терма жамоа номи аниқ бўлиб улгурган. Қолган 6 та йўлланма эса 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган плей-офф баҳслари орқали аниқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Кюрасао 156 минг аҳолига эга энг кичик давлат 444 квадрат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг