Жаҳон банки Ўзбекистонга яна катта миқдорда маблағ ажратди

Олам

image

Жаҳон банки Ижроия директорлар кенгаши Ўзбекистонга 35 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг расмий сайтида эълон қилинган пресс-релизда сўз боради.

Маълум қилинишича, маблағлар фуқаролар ва хусусий секторнинг геофазовий маълумотлардан фойдаланишини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади. Лойиҳа давлат хизматларини рақамлаштиришни давом эттиришга кўмаклашади ва бутун мамлакат бўйлаб ҳудудий ривожланишга ҳисса қўшади. Ўзбекистон ҳукумати лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун 5,7 миллион доллар атрофида маблағ ажратади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда жадал суръатлар билан кечаётган урбанизация жараёнлари натижасида аҳолининг 50 фоиздан ортиғи шаҳарларда яшамоқда. Бу тенденция, айниқса, йирик шаҳар агломерацияларида ер ресурслари, асосий инфратузилма ва таълим, соғлиқни сақлаш ва жамоат транспорти каби давлат хизматларига бўлган босимни кучайтирган. Шаҳарларнинг жадал ўсиши ердан фойдаланиш ва инфратузилма тўғрисида батафсил геофазовий маълумотларнинг етишмовчилигига олиб келган.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини (ФММИ) ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратган. ФММИ геофазовий маълумотларни шаффоф ва самарали йиғиш, сақлаш, бошқариш ва алмашиш орқали пухта режалаштириш ҳамда барқарор ҳудудий ривожланишга ҳисса қўшишга қаратилган.

“ФММИни ривожлантиришда маълум ютуқларга эришилганига қарамай, тегишли давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш зарур”, деган Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татьяна Проскурякова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банкининг Ижроия директорлар кенгаши Ўзбекистонга 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллаганди. Ушбу маблағ мамлакатдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини электр тақсимот тармоқларига интеграция қилиш ва муҳим ҳудудларда электр таъминотининг ишончлилигини оширишга қаратилган дастурга йўналтирилиши кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жаҳон банки

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг