Жаҳон банки Ўзбекистонга 46 млн доллардан ортиқ қийматдаги грантни ажратмоқда

Жамият

image

Жаҳон банки Ўзбекистонга 46 миллион 250 минг АҚШ долларлик грант маблағини тақдим қилмоқчи. Бу ташкилотнинг “Ўзбекистоннинг энергетика соҳасини трансформация қилиш учун инновацион углерод ресурслари” лойиҳаси доирасида амалга оширилади

Айтилишича, Жаҳон банкининг янги кўп миллион долларлик гранти Ўзбекистон ҳукуматига атмосферага иссиқхона газлари эмиссияси (ишлаб чиқариш)ни камайтиришга, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга, шунингдек, халқаро углерод бозорларига кириш имкониятига эга бўлишга ёрдам беради.

Хусусан, лойиҳа Ўзбекистонга “углерод кредитлари”ни (CО2 тонна эквивалентида ўлчанадиган, иссиқхона газлари эмиссияси қисқартирилган қисмининг миқдори) тўплаб бориш ва уларни халқаро углерод бозорларида сотиш имконини беради. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Марказий Осиёда Париж келишуви доирасидаги биринчи шундай халқаро ташаббус бўлиб, мамлакатга жаҳон углерод бозори механизмларидан фойдаланиш имкониятини беради.

“Лойиҳа энергетика соҳасида иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш ва Ўзбекистонда тоза энергия ишлаб чиқаришга ўтиш бўйича катта салоҳиятга эга. Унинг доирасида тегишли институтлар, инфратузилма, тизимлар, жараёнлар, касбий-техник салоҳият, шунингдек, Париж келишувида назарда тутилган углерод бозори механизмларида иштирок этиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланади ва синовдан ўтказилади. Лойиҳа тадбирлари мамлакатни келажакда бундай ташаббусларни янада кенгроқ амалга оширишга тайёрлайди”, дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2028 йилгача бўлиб, ҳар йили Ўзбекистонга энергия субсидияларини ислоҳ қилиш натижалари учун рағбатлантирувчи тадбирлар сифатида грант маблағлари ажратилиши режалаштирилган.

Прогнозларга кўра, лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон эмиссияларни тахминан 60 миллион тоннага қисқартириши мумкин. Шундан тахминан 2-2,5 миллион тоннаси лойиҳа доирасида сотиб олинади. Қолган углерод бирликларини Ўзбекистон лойиҳа давомида ишлаб чиқарилган ва синовдан ўтган тизим ҳамда механизмлардан фойдаланган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади.

Маълумот учун, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастурлардан биридир. Ҳозирги вақтда унинг доирасида қиймати қарийб 6 млрд долларлик молиявий мажбуриятлари бўлган 29 та лойиҳа амалга оширилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон банки грант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг