Жаҳон банки Ўзбекистонга 200 млн доллар ажратди
Олам
−
21 Май
3218Жаҳон банкининг Ижроия директорлар кенгаши ирригация ва дренаж инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, фермерларга ирригация хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 200 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа мамлакатнинг бешта ҳудудида сув йўқотишларини қисқартириш ва суғориш тизимларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган. Ўзбекистон ҳукумати лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун қўшимча 23,2 млн доллар ажратиши кўзда тутилган.
Билдирилишича, Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида амалга ошириш учун масъул бўлади.
Режалаштирилган лойиҳа доирасида Амударё ва Сирдарё билан боғланган ва юқорида қайд этилган ҳудудлардан ўтган саккизта йирик магистраль каналнинг 259 километри бетонланади. Бунинг учун сувни тежайдиган замонавий материаллар, жумладан, геомембраналардан фойдаланилади.
Шу билан биргаликда, ўзи оқар сув етказиб беришни таъминлаш ва иложи борича насослардан фойдаланиш заруратини камайтириш учун канал ўзанларини қайта профиллаш ва уларнинг сатҳини кўтариш ишлари амалга оширилади, кўрсатилган каналлар бўйлаб сув тақсимотини назорат қилиш даражасини ошириш учун 470 га яқин гидротехник иншоотлар қурилади ҳамда сув сарфини ўлчагич ўрнатилган бошқариладиган сув чиқаргичларни ўрнатиш, шунингдек, сув таъминоти жараёнларини бошқариш учун диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш тизими (SCADA) жорий этилади.
Лойиҳадан кутилаётган натижалар:
- 232 000 гектар майдонда ирригация хизмати сифатини ошириш, бу эса ушбу ерларда қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш имконини беради.
- 180 000 нафар сув фойдаланувчилари, шу жумладан 80 000 нафар аёлларнинг суғориш хизматларидан янада ишончли фойдаланишини таъминлаш.
- Йиллик сув йўқотишларини тахминан 540 миллион куб метрга қисқартириш, бу эса сувдан янада оқилона фойдаланишга ёрдам беради.
- Йилига 165 миллион кВт соатдан ортиқ электр энергиясини тежаш, бу эса ирригация соҳасида энергия самарадорлигини оширади ва эксплуатация харажатларини камайтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, жаҳон банкининг Ижроия директорлар кенгаши Ўзбекистонга 35 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллаганди. Маблағлар фуқаролар ва хусусий секторнинг геофазовий маълумотлардан фойдаланишини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси