Жаҳон банки Ўзбекистонга 3,5 млн доллар ажратди

Жамият

image

Жаҳон банки Ўзбекистон учун банк кафолати кўринишидаги 3,5 млн долларлик молиялаштиришни маъқуллади. Ушбу кафолат “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ давлат компаниясининг қуввати 100 МВт бўлган янги қуёш электр станциясида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш бўйича тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Хоразм вилоятидаги ушбу объектни қуриш ва эксплуатация қилиш билан Франциянинг Voltalia компанияси шуғулланади. Қуёш электр станциясини 2025 йил ноябрь ойида ишга тушириш режалаштирилган. У 177 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йилига 240 гигаватт-соатдан ортиқ қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаради. Унинг фаолияти йилига 230 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш ва 60 мингга яқин уй хўжаликларини тоза энергия билан таъминлаш имконини бериши кутилмоқда.

“Жаҳон банки гуруҳи “Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ Ўзбекистоннинг энергия бўйича эҳтиёжларини қондиришда ва 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбаларини 25 ГВтга етказишда қўллаб-қувватлайди, бу эса ушбу ўн йилликнинг охирига келиб мамлакатда истеъмолдаги электр энергияси улушининг 40 фоизини ташкил этади”, дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова.

Билдирилишича, қуёш электр станцияси лойиҳаси Voltalia шўба корхонаси Sarimay Foreign Enterprise LLC компанияси томонидан амалга оширилади. Компания ушбу объект лойиҳасини ишлаб чиқиш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш учун жавоб беради. Лойиҳа ишга туширилгач, Sarimay Foreign Enterprise LLC станцияда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ давлат компаниясига сотади. Бу икки томон ўртасида 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган.

“Жаҳон банки томонидан тақдим этилган 3,5 млн долларгача бўлган банк кафолати “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг Sarimay Foreign Enterprise LLC компаниясидан электр энергиясини сотиб олиш бўйича тўлов мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди. Ушбу кафолат, шунингдек, Хоразм вилоятида лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган 80 миллион долларлик қўшимча капитал инвестицияларни, шу жумладан Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан 54 миллион доллардан ортиқ молиялаштиришни жалб қилишга ёрдам берди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 миллион долларлик молиялаштириш пакетини тасдиқлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон банки

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг