Жаҳон банки инқирозга қарши кураш учун Ўзбекистонга 200 млн доллар ажратди

Жамият 1204
image

Жаҳон банки коронавирус оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистонга 200 млн доллар ажратди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ўз Twitter`даги саҳифасида маълум қилди.

“Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган самарали иқтисодий-ижтимоий сиёсатни эътироф этиш ва қўллаб-қувватлаш сифатида бугун Жаҳон банкининг директорлар кенгаши Ўзбекистонга 200 миллион доллар ажратишни маъқуллади.

Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга, шунингдек иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади”, деб ёзди Қўчқоров ўзининг микроблогида.

Жаҳон банки томонидан эълон қилинган хабарда ёзилишича, бу қўшимча молиялаштириш Ўзбекистонда коронавирус оқибатларини юмшатиш учун ажратилмоқда.

Жаҳон Банкининг директорлар Кенгаши тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси доирасида Ўзбекистонга қўшимча 200 миллион доллар тақдим этиш ҳақидаги қарорни тасдиқлади. Ушбу маблағ коронавирус (COVID-19) пандемиясининг аҳоли саломатлиги, унинг ижтимоий фаровонлиги ва мамлакат иқтисодиётига таъсири оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳукумат чора-тадбирларини амалга оширишга йўналтирилади. Солиқ тушумларининг кескин қисқариши ва ҳукуматнинг инқирозга қарши кураш дастури доирасида давлат ҳаражатларининг кутилмаганда ошиб кетиши шароитида мазкур молиявий кўмак давлат бюджетини қўшимча маблағ билан таъминлайди.

Ўзбекистон коронавируснинг мамлакатда тарқалишини чеклаш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасида зарурий чоралар ва ижтимоий масофаланишни пухта режалаштириб, амалга оширди. Бироқ бошқа мамлакатларда кузатилгани сингари, жаҳон иқтисодиётидаги ўсиш суръатларининг пасайиши ва карантин чекловларининг салбий оқибатлари фуқаролар ва хусусий секторга кучли таъсир қилди. Мазкур таъсирни бартараф этиш мақсадида ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни кучайтириш, аҳоли заиф қатламларининг ижтимоий ҳимояси ва бизнесни ҳимоялаш бўйича чора-тадбирларни кенгайтиришга, шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур доирасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасини сақлаб қолишга йўналтирилган инқирозга қарши чоралар мажмуасини қабул қилди.

"Жаҳон банки томонидан тақдим этилаётган қўшимча молиявий ресурслар Ўзбекистон ҳукуматининг пандемия тарқалишининг олдини олиш ҳамда унинг аҳоли ва миллий иқтисодиётга таъсирини пасайтиришга йўналтирилган инқирозга қарши дастурини амалга оширишга кўмаклашади", дея таъкидлайди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

Ушбу кўмак Жаҳон банки директорлар Кенгаши томонидан 2019 йил июнь ойида Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маъқулланган 500 миллион долларлик тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси (ТСҚО) билан боғлиқдир. ТСҚО доирасида қўшимча молиявий кўмак ажратиш зарурияти ҳукумат томонидан пандемия бошлангунга қадар ушбу операция жадал суръатларда амалга ошириб келинаётган пайтда коронавирус пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий инқироз натижасида давлат бюджетида кутилмаган танқисликнинг юзага келиши билан асосланди.

Мазкур молиявий кўмак Жаҳон банки ва тараққиёт соҳасидаги бошқа халқаро ҳамкорларнинг мувофиқлаштирилган жавоблари доирасида шу турдаги кўмакнинг дастлабки қисми бўлиб, у инқирозга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш ва мамлакатда 2017 йилдан буён амалга ошириб келинаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар натижаларини сақлаб қолишга қаратилган.

Юқорида келтириб ўтилган 200 миллион доллар жорий йилнинг 24 апрелида Жаҳон банки томонидан маъқулланган 95 миллион доллар миқдоридаги маблағга қўшимча сифатида ажратилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу маблағлар Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш миллий тизими фаолиятини такомиллаштириш ва коронавирус пандемиясининг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукуматнинг тезкор чоралари доирасида ижтимоий ҳимояни кучайтиришга мўлжалланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3.3
t
×