Зеленскийнинг хотини АҚШга борди ва Блинкен билан учрашди
Олам
−
19 Июль 2022
10834Украина Президентининг рафиқаси Елена Зеленская Америка Қўшма Штатлари биринчи хоними Жилл Байден таклифига биноан Вашингтонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Украина Президенти маъмурияти хабар бермоқда.
“Уруш туфайли уйи ва яқинларидан айрилганларни кўриш ва улар билан мулоқот қилиш мақсадида Байден хоним май ойида Украинага ташриф буюрди. Энди АҚШда Украина кўрсатаётган қаршилик ва тажовузкорга нисбатан курашимиздаги эҳтиёжлари ҳақида гапириш менинг навбатим”, деди Елена Зеленская ташрифини бошлаб.
Украина биринчи хоними АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди.
Елена Зеленская Вашингтон марказига ўрнатилган 1932-1933 йилларда Голодомор қурбонлари хотираси мемориалига ташриф буюрди ҳамда Қўшма Штатлардаги Украина жамоатчилиги вакиллари билан учрашди.
“Россия яна бир бор Украинани йўқ қилишга уринаётган фожиали ҳозирги кунимизни эслатувчи бу ерга ташриф буюриб, АҚШдаги украина жамоатчилиги билан учрашиб, мен ҳақиқий ёруғлик нурини олдим. Булар ўз ватанидан минглаб километр узоқда бўлса ҳам кимлигини эслайдиган, тил биладиган, олдинги сафда кўнгилли бўлиб, рус ҳужумига жавоб қайтарган, ватанига, ватандошларига ёрдам беришга ошиққан одамлардир”, дейди у.
Ташрифининг биринчи кунида у АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари Саманта Пауэр билан ҳам учрашди.
“Бизнинг буюк дўстимиз Саманта хонимни, айниқса унинг агентлиги USAID Украинанинг одамларни қўллаб-қувватлаш борасидаги асосий ҳамкорларидан бири эканлиги контекстида кўрганимдан хурсанд бўлдим. Хусусан, гап руҳий саломатлик ва психо-ижтимоий қўллаб-қувватлаш миллий дастуримиз доирасидаги психологик ёрдам ҳақида бормоқда. Биз биргаликда украиналикларга яшаш учун потенциал ва кучни қайтаришимиз керак”, дейди Украина биринчи хоними.
Шунингдек, Елена Зеленская Вашингтондаги Украина уйи ва Украинанинг АҚШдаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган Протезлаш дастури иштирокчилари билан ҳам учрашди. Бу жой Россия тажовузи оқибатида оёқ-қўлидан айрилган украиналиклар учун махсус ташкил этилган.
Елена Зеленская ушбу ёрдамдан фойдаланган Украинанинг биринчи фуқаролари, краматорсклик Степаненколар оиласи ҳақида гапирди:
“Наталья Степаненко 11 ёшли эгизаклар Яна ва Ярослав билан Краматорскдаги темир йўл вокзалида бўлган ва Россия ракетаси у ерга учган куннинг ўзида эвакуация қилишга уринган. Наталья бир оёғидан ажради, қизи Яна эса икки оёғидан айрилди. Ҳозир оила АҚШда – Наталья аллақачон янги протезга мослашмоқда, Яна эса яқин келажакда протез қўйдиришга тайёрланмоқда”, дейди Зеленскийнинг рафиқаси.
Биринчи хоним дастур давом этаётганини таъкидлади. Украина уйи ва элчихона Соғлиқни сақлаш вазирлигидан мина портлаши натижасида жароҳат олган болалар ҳақида маълумот йиғмоқда.
“Биз биргаликда болаларга руслар улардан тортиб олган болаликни қайтарамиз, деб ўйлайман”, дейди Елена Зеленская.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь