Зеленский яна Оқ уйга боради

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский шу ҳафта Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашишини тасдиқлади. У бу ҳақда кеча, 13 октябрь куни Киевда Европанинг ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас билан қўшма матбуот анжумани давомида маълум қилди.

Бош вазир Юлия Свириденко, Президент идораси раҳбари Андрей Ермак ва Украина Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаровдан иборат украин делегацияси аллақачон Вашингтонга учиб кетган.

Зеленскийнинг ўзи 17 октябрда ташриф буюриши кутилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Трамп билан суҳбатдаги асосий мавзулардан бири Украинага узоқ масофали қурол-яроғ етказиб бериш масаласи бўлади. Бу маълумотни америкалик “Axios” нашрининг икки манбаси ҳам тасдиқлаган: 

“Улар (Трамп ва Зеленский) Украинага қайси турдаги қуроллар берилиши лозимлигини, айниқса, АҚШ Tomahawk ракеталарини тақдим этамидими-йўқми, шуни муҳокама қиладилар”.

Кейинроқ, Трамп ҳам 17 октябрда Зеленский билан Оқ Уйда учрашишини тасдиқлади.

Икки давлат раҳбарлари 11 ва 12 октябрь кунлари икки маротаба телефон орқали мулоқот қилишган. Зеленский ушбу суҳбатларни “жуда самарали” деб атаган. “Axios”га кўра, Tomahawk ракеталарини етказиб бериш мавзуси 11 октябрдаги суҳбатда ҳам кўтарилган. бу ҳақда шундай :

“Биз кўряпмиз ва эшитяпмизки, Россия америкаликлар бизга Tomahawk бериши мумкинлигидан қўрқяпти. Бу босим тинчликка хизмат қилиши мумкинлигининг белгиси”, деган Зеленский 12 октябрдаги суҳбатдан сўнг.

ОАВ хабарига кўра, 1250–2500 км масофага учиш қобилиятига эга Tomahawk ракеталари ҳақида Зеленский Трампдан биринчи марта сентябрь ойи охирида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Нью-Йоркда ўтган ёпиқ учрашувда сўраган. Украина Президентининг таъкидлашича, бу ракеталар Украина қўлига тегса, фақат ҳарбий объектларга қарши қўлланилади.

Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Трампнинг Украинага узоқ масофали ракеталар бериш қарори “Москва ва Вашингтон муносабатларини, ҳеч бўлмаса, уларда пайдо бўлган ижобий тенденцияларни вайрона қилади”.

“Мен фикримни очиқ айтаяпман. Аммо кейин ишлар қандай кечиши фақат бизга ёки менга боғлиқ эмас”, деди Путин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг