Зеленский Украина қишдан омон чиқиши учун ёрдамга муҳтожлигини тан олди
Олам
−
13 Декабрь 2022
6806Украина Президенти Владимир Зеленский энергетика соҳасида мамлакатга зудлик билан ёрдам беришга чақирди.
“Асосий вазифа Украинанинг асосий энергетика тизимини сақлаб қолишдир. Шунинг учун бундай формат зарур”, дейди сиёсатчи Парижда Франция Президенти Эммануэль Макрон раислигида ўтаётган “Украина халқи билан бирдамликда” конференциясида сўзлаган нутқида.
У сўзида давом этаркан, Украина қишдан омон чиқиши учун Европага муҳтожлигини айтган.
“Бизга бир нечта тоифадаги ускуналар керак – трансформаторлар, юқори вольтли тармоқларни қайта тиклаш учун ускуналар, газ турбинали ва газ поршенли қувват блоклари. Ҳеч бўлмаганда иситиш мавсуми тугагунга қадар биз Европа энергия тизимидан фавқулодда ёрдамга муҳтожмиз. Яъни, Европа Иттифоқи давлатларидан Украинага электр энергиясини етказиб бериш. 2 ГВтгача қувват. Буни амалга ошириш учун Европа электр узатиш тизими операторлари тармоғи томонидан импорт сиғимини ошириш бўйича қарор қабул қилиш зарур”, дейди давлат раҳбари.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, бундай ёрдам ҳозирги нархларда тахминан 800 миллион еврога тушиши мумкин.
У, шунингдек, Халқаро атом энергияси агентлигининг атом электр станцияларидаги миссияларига ўхшаб, Европа Иттифоқини муҳим энергетика инфратузилмаси объектларига махсус миссиялар юборишга чақирди. Унинг фикрича, ЕИнинг бундай миссиялари вазиятни барқарорлаштириш ва зарур халқаро назоратни ўрнатишда ишончли омилга айланиши мумкин.
“Террорчилар томонидан электр станциялари вайрон қилингани сабабли биз бу қишда кўзда тутилганидан кўпроқ газ ишлатишга мажбурмиз. Натижада 2 миллиард куб метр газ сотиб олиш учун бизга ёрдам керак”, дейди у.
У, шунингдек, Украинага саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун махсус механизм – Париж механизми кераклиги, бу Россиянинг ҳар бир энергетик террори ҳолатига самарали жавоб беришга имкон беришини урғулади.
“Ҳозирча, афсуски, бизда рус ракеталари ва дронларини 100 фоиз уриб тушира оладиган бундай замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими йўқ, аммо биз Россияни террорчилик тактикасидан 100 фоиз маҳрум қиладиган қарорлар қабул қилиш тизимини яратишимиз мумкин”, дейди Зеленский.
LiveБарчаси