Зеленский Тўқаевга қўнғироқ қилди. Қозоғистоннинг позицияси маълум бўлди
Олам
−
23 Июль 2022
24852Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 23 июль куни Россиянинг ҳарбий босқини остида қолаётган Украина Республикаси Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Тўқаев Россия Украинага нисбатан ҳарбий ҳаракатлар бошлаган 24 февралдан буён Зеленский билан мулоқот қилган биринчи Марказий Осиё мамлакати раҳбари бўлди.
Украина томони ташаббуси билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида Президентлар Қосим-Жомарт Тўқаев ва Владимир Зеленский 23 июль куни нишонланган икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклаганлар.
Қосим-Жомарт Тўқаев ўтган йилларда иқтисодий ва гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ижобий натижаларга эришилганини таъкидлаган.
Шунингдек, Тўқаев, Туркияда БМТ кўмагида Украина донини экспорт қилиш бўйича эришилган уч томонлама келишувга ижобий баҳо берган.
“Давлат раҳбари, шунингдек, Қозоғистоннинг Украинадаги вазиятни дипломатик йўл билан тартибга солиш бўйича принципиал позициясини тасдиқлади”, дейилади Қозоғистон Президенти матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.
Зеленский ҳам Тўқаев билан телефон орқали суҳбати ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар қолдирди. У шундай ёзган:
“Мен Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилдим. У Украина ҳудудий яхлитлигини принципиал қўллаб-қувватлагани, “ЛХР”, “ДХР” деб аталмиш ташкилотларни тан олмагани учун миннатдорлик билдирдим”, деб ёзди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июнь куни Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Президенти Владимир Путин иштирокидаги Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Қозоғистон Донецк ва Луганск халқ республикалари квази-давлат, яъни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ҳудудларнинг мустақиллигини тан олмаслигини маълум қилганди.
LiveБарчаси