Зеленский сафарбарлик тўғрисидаги қонунни имзолади
Олам
−
17 Апрель
6344Украина Президенти Владимир Зеленский сафарбарлик тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақдаги маълумотлар Украина Олий Радаси сайтида эълон қилинди.
Украина Олий Радаси 11 апрель куни иккинчи ўқишда сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатга 31 та ўзгартириш киритилди, жумладан, 36 ойлик хизматдан кейин демобилизация тўғрисидаги низом чиқариб ташланди.
Сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Украина ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг 2024 йилда сафарбарликни тезлаштириш мақсадида ҳарбий хизматга чақиришнинг ҳуқуқий асосларини янгилаш бўйича саъй-ҳаракатларининг асосий элементи ҳисобланади.
Сафарбарлик тўғрисидаги қонуннинг баҳсли асл нусхаси январь ойида қайтариб олинган эди. 7 февраль куни Олий Рада қайта кўриб чиқилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ўша вақтдан бери Украина парламентарийлари қонун лойиҳасига 4 мингдан ортиқ ўзгартириш киритишни таклиф қилишди.
Аввалги қонун лойиҳасининг бир қатор асосий қоидалари якунда Рада томонидан алоҳида қабул қилинган эди. Зеленский апрель ойи бошида учта қонунни имзолади: чақирув ёшини 25 ёшга тушириш, чақирилувчиларни электрон ҳисобга олишни жорий этиш ва “ҳарбий хизматга қисман яроқли” мақомини бекор қилиш.
9 апрель куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасининг якуний вариантини тайёрлади.
Қонун лойиҳасида қолган қоидалар қаторида ногирон ҳарбий хизматчиларни ва асирликдан озод қилинганларни демобилизация қилиш ва уларга хизматдан бўшаш ҳуқуқини бериш, шунингдек, аввал “қисман соғлом” мақомига эга бўлган шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни жорий этиш киради.
LiveБарчаси