Зеленский Путинга хайрихоҳ сиёсатчи ушланганини эълон қилди
Олам
−
13 Апрель 2022
17454Кеча, 12 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский уй қамоғидан қочиб кетган сиёсатчи Виктор Медведчук қўлга олинганини маълум қилди. У давлатга хиёнатда айбланганди.
Зеленский уруш бошлангач, номаълум томонга қочиб, 48 кун давомида яшириниб юрган Медведчукнинг 12 апрель – Космонавтлар кунида Украинадан қочишга уринганини рамзий маънога эга деб айтган.
“У 48 кун яширинди. Ва ниҳоят мамлакатимиздан қочишга уриниб кўрди. Аммо бу “космонавт”га машҳур “кеттик” сўзи ишламади.
Ўйлашимча, у томонидан ҳарбий форма кийиш жудаям одобсизлик. У шу тариқа яширинмоқчи эди. Мана шундай “аскар”. Мана шундай “ватанпарвар”, деган Зеленский.
У Медведчук ўзига ҳарбий кийим-бош танлаган экан, ҳарбий давр қонунларига дучор бўлишини қўшимча қилган. Шунингдек, Россияга уни айирбошлашни таклиф қилган.
“Мен Россия Федерациясига бу йигитингизни Россия асирлигида бўлган ўғил ва қизларимизга алмаштиришни таклиф қиламан. Шу боис ҳуқуқ-тартибот идораларимиз, ҳарбийларимиз ҳам бу имкониятни ҳисобга олиши муҳим”, деган Украина Президенти.
Қайд этиш керакки, Украина парламенти депутати, “Оппозиционная платформа – За жизнь” партияси етакчиси Виктор Медведчук кремлпараст ва Президент Владимир Путинга яқин сиёсатчи ҳисобланади. У икки жиноий иш бўйича давлатга хиёнатда гумон қилинмоқда.
2021 йил 12 майда депутатга ишғол қилинган Қримда миллий бойликларни талон-торож қилиш, давлат сирларини ошкор қилиш ва давлатга хиёнат қилиш, уруш қонунлари ва одатларини бузиш ва Украинага қарши қўпорувчилик фаолиятини амалга ошириш (Жиноят кодексининг 111 ва 438-моддалари) айблови қўйилган.
Ўша йилнинг октябр ойида Медведчукга “кўмир иши” номини олган (Жиноят кодексининг 111-моддаси ва 258-3-моддаси 1-қисми) иш бўйича хиёнат ва терроризмга шериклик айблови эълон қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь