Telegram
Биринчи билинг!
Олам
−
30 Сентябрь
5039Украинада Мудофаа саноати альянси тузилди. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Украинада бўлиб ўтган биринчи Халқаро мудофаа саноати форумида Президент Владимир Зеленский маълум қилди.
“Бутун дунёдан қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчилари асосий декларацияга қўшилиши ва Украина билан биргаликда эркин дунё арсеналини яратишга тайёр эканликларини намойиш этиши мумкин”, деган Зеленский.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, форумда 30 давлатдан 252 мудофаа корхонаси иштирок этган. Форум якунида Мудофаа саноати альянсини тузиш тўғрисидаги декларация 19 давлатдан 38 та қурол ишлаб чиқарувчи компания томонидан имзоланган.
Зеленскийнинг айтишича, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Туркия, Швеция ва Чехия мудофаа компаниялари ва ассоциациялари вакиллари билан учрашувда Украина расмийлари ҳамкорлик ва қуролларни биргаликда ишлаб чиқариш истиқболларини муҳокама қилган.
“Бизнинг устувор вазифамиз – замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мудофаа ишлаб чиқаришни ривожлантириш, Украинада жаҳон саноати етакчилари билан ҳамкорликда снарядлар, ракеталар, дронларни ишлаб чиқариш”, дейди Украина раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, Украина мудофаа ишлаб чиқаришини биргаликда ривожлантиришга тайёрлигини билдирган компанияларга алоҳида шартлар таклиф қилади.
Маълумотларга кўра, Россия томонидан ўзига қарши очилган уруш даврида Ғарб қуролларига қаттиқ қарам бўлган Украина учта йўналишда қўшимча иқтисодий ресурсларни жалб қилиш учун махсус жамғарма ташкил этиши режалаштирилмоқда: ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш, ҳарбий инфратузилмани ривожлантириш ва ҳарбий технологиялар устида ишлаш. Бу жамғарма давлат мудофаа активларидан дивидендлар, шунингдек, мусодара қилинган Россия активларини сотишдан тушадиган фойда орқали молиялаштирилади.
DPA агентлигининг ёзишича, Киев томонидан Мудофаа саноати иттифоқини тузилишини Россиянинг уруш мақсадларидан бирига, яъни Украинани қуролсизлантиришга жавоб сифатида кўриш мумкин.
LiveБарчаси