Зеленский мобилизацияни яна 90 кунга узайтирмоқчи
Олам
−
06 Февраль
3650Украина Президенти Владимир Зеленский Олий Радага мамлакатдаги сафарбарлик ва ҳарбий ҳолатни 90 кунга узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини тақдим этди. Бу ҳақда мамлакат парламенти сайтидаги хабарда сўз борган.
Президент депутатларга 2024 йил 5 февралдаги ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини узайтириш тўғрисидаги фармонларини қонун билан тасдиқлашни таклиф қилган.
Ҳужжатлар қабул қилинган тақдирда, муддат 2024 йил 14 майгача чўзилади. Украина ҳукумати ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарликни тўққиз марта узайтирди. Бу ҳақдаги қонун охирги марта 2023 йилнинг ноябрида қабул қилинган бўлиб, у 14 февралгача амал қилиши белгиланганди.
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарликка 2022 йил 24 февралдан бошлаб амал қилиб келинмоқда.
Украинада президентлик сайловлари 2024 йилнинг мартига белгиланган эди. Украина қонунчилигига кўра, ҳарбий ҳолат шароитида сайлов ўтказиш тақиқланган. Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда Рададаги барча фракцияларнинг раҳбарлари ва вакиллари ҳам уларнинг ўтказилишига қарши чиқишди.
Владимир Зеленский 2019 йилнинг апрель ойида Украина Президенти этиб сайланди. Унинг беш йиллик ваколати 2024 йил 20 майда тугайди.
LiveБарчаси