Зеленский мамлакатни тарк этган депутатларга қайтиши учун 24 соат муҳлат берди
Олам
−
14 Февраль 2022
14839Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатни тарк этган Олий Рада депутатларини 24 соат ичида ортга қайтишга чақирди. Акс ҳолда, давлат улар ҳақида жиддий хулоса чиқаради. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Президентнинг сўзларига кўра, айрим халқ депутатлари ўз қариндошлари билан хорижга чиқиб кетган. Уларнинг мамлакатга қайтиши учун 24 соат вақти бор.
“Менимча, мамлакатни тарк этган депутатлар 24 соат ичида ортга қайтиши керак. Акс ҳолда давлат ва раҳбарият сифатида барчамиз жиддий хулосалар чиқарамиз”, дейди Зеленский.
Давлат раҳбари қайси партия депутатлари Украинани тарк этганига аниқлик киритмади. Унинг таъкидлашича, расмийлар ўз намунаси билан Украина халқига бирдамлик сигналларини беришлари лозим.
Шунингдек, Зеленский йирик ишбилармонларнинг Украинани тарк этишига ҳам изоҳ берди.
"Давлат бизнесга таъсир ўтказа олмайди. Менимча, улар ўз ҳукмини ўзлари чиқаришган", деган у.
Аввалроқ, “Украинская правда” нашри мамлакатдан ташқарида 23 нафар халқ депутати борлигини маълум қилган эди. Хусусан, “Мухолифат платформаси” – “Ҳаёт учун” фракциясидан 12 депутат, “Халқ хизматчиси” фракциясидан беш нафар, “Ҳолос” фракциясидан иккита ва фракцияга кирмаган тўрт нафар депутат, аллақачон, Украинадан чиқиб кетган. Шунингдек, камида саккиз нафар тадбиркор Украина ҳудудини тарк этган.
Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормаслик ёки зудлик билан мамлакатни тарк этишни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш нияти йўқлигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси