Зеленский Гутерриш ва Эрдўғанга миннатдорлик билдирди
Олам
−
23 Июль 2022
6308Украина Президенти Владимир Зеленский Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга Украина донини экспорт қилиш бўйича келишувга эришишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
Зеленский ўзининг Facebook’даги саҳифасида кеча, 22 июль куни Истанбулда имзоланган “Украина портларидан дон ва озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз ташиш бўйича ташаббуслар” номли ҳужжат билан боғлиқ видеомурожаатни жойлаштирган.
“Бугун давлатимиз ва бутун цивилизациялашган дунё муҳим келишувга эришди. Украина портларини блокдан чиқариш ва Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини тиклаш имконини берувчи келишув бор”, деган Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, хусусан, ўтган йилги ғалланинг қарийб 20 миллион тоннаси экспортга йўналтирилади, “янги ҳосил – ҳозирда йиғиб олинаётган ҳосилни ҳам сотиш мумкин”.
“Ниҳоят, Россия қўзғатган озиқ-овқат инқирозининг оғирлигини камайтириш имконияти мавжуд. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан, бизга ёрдам берадиган мамлакатларда сиёсий бетартибликка олиб келиши мумкин бўлган глобал фалокат – очарчиликнинг олдини олиш имконияти мавжуд. Бу Украина бу урушга дош беришга қодир эканидан яна бир далолатдир”, деди Украина раҳбари.
Президент Украинанинг денгиз орқали экспортини қайта йўлга қўйиш учун кўплаб раҳбарлар бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилганига эътибор қаратган.
“Шу нуқтаи назардан, айниқса, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Эрдўғандан саъй-ҳаракатлари учун миннатдорман”, деган Украина раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди.
LiveБарчаси