Зеленский Эрдўғандан ўрнак олиб, БМТни “тузлади”

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  ва бошқа халқаро тузилмалар мамлакатларга тинчликни қайтариш учун зарур ички кучга эга эмас. Украинага адолатсизлик қилаётган Россия ҳамон халқаро ташкилотлардаги имтиёзларидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Доҳадаги форумда сўзлаган нутқида таъкидлади.

Унинг таъкидлашича,  XX асрда дунёда мутлақо ҳар бир давлат учун адолатни кафолатлаши керак бўлган халқаро тузилмаларнинг бутун тизими яратилган.

“Биз БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар одамларга керакли қийматни қайтариш, мамлакатларга тинчликни қайтариш учун зарур ички кучга эга эмаслигини кўряпмиз”, дея эътироз билдирган Украина раҳбари.

Зеленский мазкур тузилмаларда ички адолат таъминланмаганини, имтиёзлиларнинг овози ҳамон кўпчиликни бўғаётганини таъкидлади. Унга кўра, бу адолатдан эмас.

“Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари асоси адолатсизликдир. Шунга қарамай, мамлакат халқаро ташкилотларда ўз имтиёзларидан фойдаланмоқда”, дейди Украина Президенти.

Зеленскийга кўра, Россия халқларнинг тенг ҳуқуқли тинч-тотув яшаши имконсиз бўлган даврларга қайтишни истайди.

“Россия раҳбарияти бизнинг ҳудудимизни олмоқчи. Мана 31 кундирки, Украина ўзидан 28 баробар катта давлат билан тўқнаш келмоқда”, дейди у.

Маълумот учун, Бу БМТнинг биринчи марта танқид қилиниши эмас. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2018 йилда уни дунё муаммоларини ҳал қила олмасликда айблаган эди. Ўшанда Эрдўған халқаро ташкилот заифлашиб кетгани, ҳамжамият фаластинликлар ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол қилиниши борасида иккилик стандартини қўллаётганини танқид қилган.

Доимий равишда БМТ фаолиятини танқид қилиб келувчи Президент, 2021 йилда “Дунё янада адолатли бўлиши мумкин” номли китобни ёзди. Эрдўған китобида БМТнинг қонунийлик, имкониятлар, самарадорлик, инклюзивлик, вакиллик ва бошқарув каби муаммоларига эътибор қаратган.

Туркия раҳбари ўз ишида глобал сиёсатдаги иккиланишларга, хусусан, адолатсизлик, миграцион инқироз, халқаро терроризм ва исломофобия муаммосига ишора қилиб, БМТ мисолида дунёдаги камситиш ва икки томонлама стандартларни очиб беради.

Эрдўған китоб орқали “болалар ўлган ва ўлдирилган дунёда бегуноҳ одамлар йўқ” деган ғояни илгари суради. Қолаверса, Эрдўған замонавий жаҳон ҳамжамиятига энг зарур нарса адолат, деб ҳисоблайди. 

Шунингдек, у жорий йилнинг 11-13 март кунлари Туркияда бўлиб ўтган Анталия дипломатик форумида яна бир бор БМТга мурожаат қилиб, Ташкилотни, хусусан Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш вақти келиб, аллақачон ўтиб кетганини, дунё янги урушлар билан овора бўлиб, эскиларининг оқибаталарини бартараф этмаётгани, бунинг ортидан дунёда қочқинлар сони 85 миллиондан ошгани, улар сафига 3 миллион украиналик қўшилгани, Ўрта ер денгизи сувлари эса 25 минг қочқиннинг қабрига айланганини алоҳида қайд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

350

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг