Зеленский дунёни Россия тажовузига тажовуз билан жавоб қилишга чақирди
Олам
−
06 Октябрь 2022
6656Россия 30 сентябрь куни Украина таркибидаги 4 та ҳудуд ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорижье вилоятларини гўёки аннекция қилинганини эълон қилди. Россиянинг бу ҳаракатлари 2014 йилда Украина таркибига кирган Қримни тортиб олишини такрорлашга ўхшайди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Австралиянинг Лоуи институтидаги нутқи чоғида айтиб ўтди.
"Агар Россия ҳаракатларига дунёнинг реакцияси заиф бўлса, Россия қандайдир янги эскалация (қуролли ҳужумнинг кучайиши – таҳр.)ни ўйлаб топади. Шунинг учун дунё энди кучини кўрсатиши керак. Ниҳоят тажовузкорликка, тажовузкорнинг кучайиш қобилиятига чек қўйиш учун куч керак. Халқаро платформаларда Россияни Украина ҳудудини аннекция қилишга уриниш учун аниқ ва принципиал қоралаш талаб этилади, бу 2014 йилдагидан тубдан фарқ қилади", дейди Зеленский.
Шунингдек, у ҳозирги вазиятни II Жаҳон уриши пайти имзоланган "Мюнхен битими"ни такрорланиши деб айтди.
“Энди биз Мюнхен келишуви деб аталган ушбу келишувни тез-тез эслаймиз ва уни сиёсий цинизм (маданий қадриятларга ва одоб-ахлоқ ғояларини қўпол равишда рад этувчи ва менсимайдиган муносабат – таҳр.) модели ва ҳалокатли хато деб ҳисоблаймиз. Инсониятнинг ўн миллионлаб ҳаётига зомин бўлган хато. Ишончингиз комил: Россия раҳбари ҳозир Украина заминида ўтказган псевдореферендумлар ва ҳудудимиз аннекция қилингани ҳақидаги эълонга дунёнинг муносабатини синчиклаб таҳлил қилмоқда. Уни эскалация қилиш имконияти бор-йўқлиги қизиқтиради”, дейди Зеленский.
Давлатлар ва давлатлар иттифоқлари даражасида вазиятни 2014 йилдагидан тубдан фарқ қилиш учун Россияга қарши янги ва қаттиқроқ санкциялар талаб этилади.
“Биз қанчалик кўп қурол ва ўқ-дорилар, хусусан, артиллерия, учувчисиз самолётлар, ҳаво мудофааси, танкка қарши ва кемага қарши қуролларга эга бўлсак, Россияда халқаро ҳуқуқни бузганлик учун жавобгарлик пайдо бўлади ва тажовузкор эскалация имкон борлигини шунчалик камроқ ҳис қилади”, дейди Украина раҳбари.
Маълумот учун, “Мюнхен битими” – Буюк Британия Бош вазири Чемберлен, Франция Бош вазири Даладье, Германиянинг фашист диктатори Гитлер ва Италиянинг фашист диктатори Муссолини томонидан 1938 йил 29-30 сентябрда имзоланган битим. Судет вилоятини Чехословакиядан ажратиб олиб Германияга беришни, шунингдек, Венгрия ва Польша ҳукуматларининг Чехословакияга нисбатан бўлган ҳудудий даъволарини қондиришни назарда тутган. Бу битим Иккинчи жаҳон урушининг очилишига имконият яратган эди
LiveБарчаси