Зеленский Донбассдаги можаро қурбонлари сонини айтди
Олам
−
23 Сентябрь 2021
5755Украинанинг шарқий қисмидаги Донбасс вилоятида 15 мингга яқин одам можаро қурбонига айланган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясидаги чиқиши пайтида айтиб ўтди.
“2019 йилда мен бу минбардан Украинадаги уруш бу — 13 мингдан кўп қурбон, 30 минг ярадор дегандим. Тасаввур қилинг: бир ярим миллион одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур. Афсуски, ушбу сонлар ўсиб бормоқда. Мен бу ҳақда 2020 йилда ҳам гапирдим. Ҳозир, 2021 йилда ҳам гапиряпман. Аллақачон 15 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Яна ҳам кўпроқ ярадорлар. Яна ҳам кўпроқ уйсизлар. Мана сизга озодликнинг баҳоси, мана сизга мустақилликнинг баҳоси”, деган Зеленский.
Маълумот ўрнида, Украина шарқидаги Донбасс минтақаси мамлакатнинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда.
Низо бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томондан икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки ҳудуд Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган.
Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. Бироқ, уларни Россия қўллаб-қувватлаб келаётгани маълум.