Зеленский Болгариядан сўнг Чехияга борди
Олам
−
07 Июль 2023
3942Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 6 июль куни кечқурун Болгариядаги ташрифини якунлаб, кутилмаганда Чехияга борди. Бу ҳақда унинг Telegram-каналида маълум қилинди.
Маҳаллий “ČT24” телеканали Зеленскийнинг самолёти Прагага қўнганини маълум қилган. Унга парвоз давомида иккита Gripen қирувчи самолёти ҳамроҳлик қилган. Украина раҳбари Чехия пойтахтига қўниши билан ушбу мамлакат Президенти Петр Павелнинг Прага қалъасидаги қароргоҳига йўл олган.
Зеленский Чехия раҳбари билан учрашувда Украинанинг қарши ҳужуми кутилганидек тез бўлмаётганини тан олган.
“Ҳужум тез эмас, бу ҳақиқат. Лекин шунга қарамай, биз россияликлар каби чекинмаяпмиз, олдинга боряпмиз”, дейди у Петр Павел билан учрашувдаги қўшма матбуот анжуманида.
Чехия Президенти эса ўзининг Twitter саҳифасида Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича музокаралар шу йилнинг охиригача бошланишига умид билдирган.
“Уруш тугаши билан Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлаши Чехиянинг манфаатларига мос”, дея қўшимча қилган Петр Павел.
Зеленскийнинг Прагага ташрифи кун тартибидан Президент Петр Павел, Бош вазир Петр Фиала ва Чехия парламенти палаталари раҳбарлари билан музокаралар ўрин олган. Шунингдек, у ҳукумат ва парламент аъзолари билан ҳам учрашувлар ўтказади.
“Эътибор мудофаани қўллаб-қувватлаш, Украинанинг Европа ва Евроатлантика интеграцияси ва Вильнюсдаги НАТО саммити, Запорожье атом электр станцияси атрофидаги вазият, Тинчлик формуласини амалга ошириш, Украинани тиклашга қаратилган”, дейилади Зеленскийнинг Telegram-каналидаги хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 июль куни Владимир Зеленский давлат ташрифи билан Болгарияга борганди. У шунингдек, бугун, 7 июлда Истанбулга Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашиш учун ҳам бориши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Зеленскийнинг Европа давлатларига амалга ошираётган кетма-кет ташрифлари уларни келаси ҳафта, 11 июль куни Вильнюсда бошланадиган НАТО саммити олдидан Украинани ташкилотга аъзолик номзодини қўллаб-қувватлашга ундашга қаратилган. Шунингдек, яна бир асосий урғу Украинанинг давом этаётган қарши ҳужумини кучайтириш учун янги қурол-яроғларни етказиб беришга Европа етакчиларини кўндиришга берилган. Унинг Туркияга сафари давомида эса музокаралар марказида Россия билан тузилган Дон йўлаги келишуви муддатини узайтириш масаласи бўлади.
LiveБарчаси