Зеленский бир ойда Украинадан қанча дон экспорт қилинганини айтди

Олам 6047
image

Ғалла йўлаги бўйлаб қарийб бир ойда Украинанинг учта портидан бир миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилган.

“Ғалла экспорти ташаббуси деярли бир ойдан бери ишламоқда ва шу вақт ичида бизнинг учта денгиз портимиз – Черноморск, Одесса ва Южнийдан илк миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилинди”, дейди Зеленский. 

Унинг аниқлик киритишича, экспорт Украина фуқароларини юз минглаб иш ўринлари билан таъминлайди.

Кеча, 26 август куни Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар “Ahaber” телеканалига берган интервьюсида Украина портларидан 36 та юк ортилган кема жўнаб кетганини, 39 таси юк ортиш учун йўл олганини айтган. Шунингдек, у айни дамда Россия Федерацияси вакиллари БМТ билан Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини денгиз орқали экспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 136
Рейтинг: 3
t
×