Зеленский Байдендан Украинани НАТОга таклиф қилишни сўрайди
Олам
−
21 Сентябрь
2314Украина Президенти Владимир Зеленский келаси ҳафта АҚШ Президенти Жо Байдендан НАТОга аъзо бўлиш учун расмий таклифнома юборишини сўрайди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, "Bloomberg" хабар берди.
Нашрга кўра, Зеленский жорий йилнинг 26 сентябрь куни Вашингтонда ўтказилиши кутилаётган навбатдаги учрашувда Байденга Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун аниқ йўл, шунингдек, бошқа иқтисодий ва хавфсизлик чораларини кўрадиган ғалаба режасини тақдим этиши кутилмоқда.
Зеленский аввалроқ “Ғалаба режаси” ўзининг илгари тақдим этган “Тинчлик режаси”ни амалга оширишга ёрдам беришини айтган. Режада Россия қўшинларини Украина ҳудудларидан тўлиқ олиб чиқиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Зеленский Украина учун 4 та асосий ва битта урушдан кейинги пунктдан иборат ғалаба режасини эълон қилган эди. Унинг таъкидлашича, гап хавфсизлик, Украинанинг геосиёсий ўрни ва мамлакат учун мавжуд бўлиши керак бўлган жуда кучли ҳарбий ёрдам ҳақида борган.
Шунингдек, у режани Дональд Трамп ва Камола Ҳаррисга ҳам кўрсатмоқчилигини маълум қилган эди.
Сара Комилжонова
LiveБарчаси