Зеленский Анжей Дуда билан поляклар қирилган жойга борди
Олам
−
09 Июль 2023
7049Бугун, 9 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленский ва Польша Президенти Анжей Дуда Украина ғарбидаги Луцк шаҳрига борди. У ерда етакчилар Волин фожиасининг 80 йиллиги муносабати билан учрашди. Бу ҳақда “Интерфакс-Украина” хабар берди.
Давлат раҳбарлари биргаликда Луцкдаги авлиё Пётр ва Павел соборига борган. Уларнинг ташрифи олдиндан эълон қилинмаган бўлсада, бир кун олдин маъбад жойлашган Эски шаҳар кўчалари Иккинчи жаҳон уруши ва Волин фожиасининг 80 йиллиги қурбонлар хотирасига бағишланган тадбирлар туфайли ёпилиши маълум қилинган.
Зеленский ва Дуданинг расмий саҳифаларида президентларнинг бирга тушган расми эълон қилинган ва бир хил изоҳ қолдирилган.
“Биз биргаликда Волиндаги барча бегуноҳ қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз! Бизни хотира бирлаштирди! Биргаликда биз кучлироқмиз”, дейилади давлат раҳбарларининг изоҳида.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг май ойида Польша Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лукаш Ясина Зеленский Волин учун кечирим сўраши кераклигини айтиб, бу формула Польша-Украина муносабатларида жуда яхши ишлашини билдирган.
Маълумот учун, Волин қирғини – Ғарбий Украина ҳудудида 1942-1943 йилларда содир этилган воқеаларнинг номи. Украина миллатчилари ташкилоти – Украина қўзғолончилар армияси маҳаллий раҳбариятининг буйруғи билан Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан олдин ҳозирги Волин вилояти ҳудудида яшаган этник поляклар ўлдирилган. Польша расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 100 мингга яқин одам ҳалок бўлган.
2016 йилда Польша Сейми Волин қирғинини геноцид деб тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди, депутатлар, шунингдек, 11 июлни ўша воқеалар қурбонларини хотирлаш куни сифатида кўриб чиқишга қарор қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь