Зеленский 10 апрель куни Туркияга учади. У Эрдўғандан нима хоҳлаяпти?

Олам

image

Бугун, 9 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Туркияга сафари тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтар-ўтмас Туркия Президенти Администрацияси ушбу хабарларни тасдиқлади.

“Икки мамлакат Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Владимир Зеленский раислигида Туркия-Украина олий даражадаги ҳамкорлик кенгашининг тўққизинчи йиғилиши 10 апрель куни Истанбулда бўлиб ўтади”, дейилади Туркия Президенти Администрацияси баёнотида. 

Сўнгги пайтларда Донбассда ҳарбий ҳаракатлар ҳамда Украинанинг НАТОга кириш учун уринишлари кучайган даврда Зеленскийнинг Туркия томон парвозидан қандай мақсад кўзланган?

Ҳарбий-сиёсий эксперт Виктор Мураховскийга кўра, Зеленскийнинг Туркияга сафаридан мақсад – Киев учун “Bayraktar” ва “Akinci” учувчисиз ҳарбий ҳаво аппаратларини сотиб олишга уриниш бўлиши мумкин.

“Одатга кўра, ҳозир Туркияга нима мақсадда учишмоқда? Украина томони, албатта, жанговар самарадорлигини ошириш ва “Россия тажовузи”га қарши туриш учун учувчисиз самолётларга муҳтож”, дейди Виктор Мураховский.

Маълумот ўрнида, “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппарати анъанавий қирувчи самолётларга нисбатан бир қанча устунликка эга. Хусусан, юқори ҳаракатчанлик: ҳавога кўтарилиш ва қўниш учун кенг майдон талаб этилмайди. Аппарат кичик ва енгил бўлгани учун кам ёқилғи ва техник таъминот талаб этилади, қурилмадан ноқулай об-ҳаво шароити ва фавқулодда вазиятларда ҳам фойдаланиш мумкин, ундан фойдаланишда юқори малакали учувчи кадрлар талаб қилинмайди.

Ушбу қурилма Туркиянинг “Baykar Makina” компанияси томонидан 2014 йилдан бери ишлаб чиқарилади. Дунё бўйлаб 100 га яқин шундай қурилма мавжуд бўлиб, улар Туркия, Қатар, Озарбайжон ва Украинанинг Ҳарбий Ҳаво кучлари томонидан эксплуатация қилинади. “Bayraktar” учувчисиз аппаратининг бир комплекти нархи тахминан 70 миллион АҚШ доллари туради. 

Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти кеча, 8 апрель куни ишчи сафари билан Донбассда бўлиб қайтди. Россия билан чегара ҳудудда жойлашган ушбу минтақада 2014 йилдан бери турли даражадаги ҳарбий ҳаракатлар бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

226

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made