Зеленский ҳам Трамп билан учрашади
Олам
−
20 Июль
5038АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп кеча, 19 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social’даги саҳифасида ёзди.
“Президент Зеленский билан бугун жуда яхши телефон қўнғироғи бўлди. Сизнинг кейинги президентингиз сифатида мен дунёга тинчлик ўрнатаман ва кўплаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва сон-саноқсиз бегуноҳ оилаларни вайрон қилган урушга барҳам бераман. Ҳар икки томон бирлашиб, зўравонликка барҳам берадиган ва фаровонликка йўл очадиган келишувни музокара қилиши мумкин”, деб ёзди Трамп.
Унинг таъкидлашича, Украина етакчиси ҳам АҚШнинг собиқ президентига қилинган суиқасдни қоралаган ва уни Республикачилар партиясининг Милуокидаги Миллий қурултойининг муваффақиятли ўтгани билан табриклаган.
Зеленский ҳам ўзининг Telegram-каналида Трамп билан телефон орқали суҳбатлашгани ва Украина можаросини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш учун шахсий учрашувга келишиб олганини ёзди.
“Биз президент Трамп билан шахсий учрашувда айнан қандай қадамлар тинчликни адолатли ва чинакам мустаҳкам қилиши мумкинлигини муҳокама қилишга келишиб олдик”, дейди Зеленский.
Трамп бу йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Украина можаросини тезда ҳал этиш ниятида эканини бир неча бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 27 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден билан бўлиб ўтган сайловолди дебатида Трамп, агар қайта сайланса, 2025 йил 20 январда президентликка киришгунга қадар можарога барҳам беришини ваъда қилган эди.
LiveБарчаси