“Зато” бизда Бунёдкор стадиони бор – Алламжонов Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги ҳақида
Жамият
−
20 Апрель 2021
12086Аввалроқ “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон ўтган йилгига нисбатан бир поғона пастлаб, 157-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берган эдик. Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ушбу ҳолатга аччиқ ҳазил аралаш мносабат билдирди.
“Ҳар йили шу пайтда Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги рейтинги ошаётганини айтиб мақтаниб қўярдим. Бу йил эса ушбу соҳага МАСЪУЛ бўлган барча мутасаддиларга машаққатли, сермазмун, ижодий ва тинимсиз меҳнатлари учун катта “раҳмат” айтмоқчиман.
Барака топинглар, ҳурматлилар. Рейтинг-пейтингга бало борми, тоже мне. Тушди нима, кўтарилди нима, тўғрими? Ота-бобонг қилган ишни қилсанглар бўлмайдими, дейдиган одам йўқ. Чойхоналаримиздан, гап, улфатчиликларимиздан қўймасин. Зато, бизда Бунёдкор стадиони бор. Файзимизни берсин.
Лицейда ўқиб юрган пайтларимиз, дарсда тўполон қилсак, адабиёт ўқитувчимиз бизга: “Қанча қилма тарбия, хўтикла кучукчани, ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одамий“, дердилар. Негадир шу эсимга тушиб кетди ҳозир. Нимага экан?” деб ёзган Алламжонов.
Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистон ушбу рейтингда тўрт поғона юқорилаб, 156-ўринни эгаллаган эди.
Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистон 79-ўринни, Қозоғистон 155-ўринни, Тожикистон 162-ўринни, Туркманистон 178-ўринни банд қилган.
Шунингдек, Норвегия ушбу рейтингда кетма-кет бешинчи йил биринчи ўринни эгалламоқда. Ундан кейин Финляндия (2-ўрин), Швеция (3-ўрин), Дания (4-ўрин) ва Коста-Рика (5-ўрин) жой олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 78 мамлакат орасида 73-ўринни эгаллаб, биринчи марта дунёнинг энг яхши мамлакатлари рейтингига киритилгани ҳақида хабар бергандик. Рейтинг Американинг U.S. News & World Report журналида эълон қилган.
LiveБарчаси