Запорожьеда гуманитар карвонга ҳужум қилинди. 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Олам

image

Украинанинг Запорожье вилоятида тинч аҳолидан иборат гуманитар карвонга ракета зарбаси берилди. Оқибатда ҳозиргача 23 киши ҳалок бўлди, 28 нафари жароҳатланди.

Украинанинг Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старухнинг маълум қилишича, бугун, 30 сентябрь куни эрталаб рус ҳарбийлари автомобиллар карвонига ракета ҳужуми уюштирган.

“Одамлар ўз қариндошларини олиб кетиш ва ёрдам олиб бориш мақсадида вақтинча босиб олинган ҳудудга кириш учун навбатда туришганди”, деган у ўзининг Telegram-каналида.

Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, Запорожьега жами 16 та ракета учирилган.

Ўз навбатида, Запорожье вилояти оккупауцион ҳокимияти вакили Владимир Рогов “террорчилик ҳаракати” Украина ҳарбийлари томонидан содир этилганини даъво қилмоқда.

“Аҳолининг оммавий равишда Запорожье вилоятининг “озод қилинган” қисмига кетаётганини кўриб, улар вилоятнинг ўзлари назорат қилаётган қисмидаги, Ореховская шоссесидаги бозор ҳудудида навбатда турган ўнлаб фуқаролик автомобилларига зарба берди”, дейди у РИА Новостига.

Рогов, шунингдек, икки кун аввал колонна ташкил қилган фуқаролар ишғол қилинган ҳудудга қўйиб юборишни талаб қилиб, норозилик сифатида йўлни тўсиб қўйганини айтган.

Роговнинг сўзларига кўра, жароҳатланганлар сони 34 нафарга етган.

Украинанинг Запорожье вилояти ҳукумати 1 октябрни гуманитар карвоннинг ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган 23 киши хотирасига мотам куни деб эълон қилди.

Запорожье вилояти Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери қисман босиб олинган. Ҳозирда Запорожье шаҳри Украина армияси назорати остида қолмоқда.

23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида - 87,05 фоиз, ДХРда - 99,23 фоиз, ЛХРда - 98,42 фоиз.

30 сентябрга ўтар кечаси Владимир Путин Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятларининг “давлат суверенитети ва мустақиллигини тан олиш” ҳақидаги фармонларни имзолади. Эндиликда бугун Кремлда босиб олинган ҳудудлар, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХРнинг “Россияга қўшилиши” тўғрисидаги шартномаларни имзолаш маросими бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

165

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг