Зангиотадаги шифохона бошқа жойга кўчирилдими? Изоҳ берилди
Жамият
−
11 Март 2023
6521Ижтимоий тармоқларда Ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси вақтинчалик кўчирилгани ва жамоат транспорти мавжуд бўлмагани, бу эса ходимларга ноқулайлик туғдираётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Қўмитага кўра, келиб чиққан мазкур ҳолат бўйича амалий ёрдам сўраб, Транспорт вазирлигига мурожаат қилинган. Натижада 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига янги шаҳар жамоат транспорти йўналишини ташкил этиш юзасидан Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси ва Тошкент вилояти транспорт бошқармаси мутасадди ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш натижасига кўра, шифохонадан 5-метро бекатигача бўлган масофа 6,9 километрни ташкил этаётгани, шифохонага келиб-кетаётган ишчи-ходимларга ноқулайликлар юзага келаётгани сабабли янги автобус йўналишини ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги маълум бўлди.
Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси берган маълумотига кўра, ҳозирги кунда метро бекатидан Зангиотадаги клиникага қадар 154-сонли йўналиш ишлаб чиқилиб, тендерга қўйилган. Йўналиш тендер ўтказилгандан сўнг 21 мартгача ишга туширилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ушбу баёнотида шифохона кўчирилганми, йўқми батафсил маълумот берилмаган. Бироқ Зангиотадаги клиникага қатнайдиган автобус йўлга қўйилиши ҳақидаги маълумотга кўра, шифохона ҳеч қаерга кўчирилмаган.
LiveБарчаси