“Замҳоким”га суиқасд: қурол ИИВга тегишли экани аниқланди
Олам
−
03 Сентябрь 2025 20957 2 дақиқа
Аввалроқ, Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрининг собиқ ҳоким ўринбосари Руслан Берденовга суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берилганди. Маҳаллий нашрлар кейинроқ “замҳоким”га қарши ишлатилган қурол полициядан олингани ҳақида хабарлар тарқатди. Қозоғизтон Ички ишлар вазири Ержан Саденов Мажлис (парламентнинг қуйи палатаси) йиғилишидан сўнг мазкур хабарлар юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб берди.
“Афсуски, шундай вазият бўлган – кимдир кимдандир ниманидир сотиб олмаган, балки ходимлар лоқайдлик қилган. Жиноят иши қўзғатилди ва тергов доирасида ҳаммасини аниқлаймиз – айбдорни, ким сотганини ва ҳоказо”, дейди Ержан Саденов.
Руслан Берденовга суиқасд
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 апрель куни Шимкент ҳокимияти ёнида шаҳар ҳокими ўринбосари Руслан Берденовга бир неча маротаба ўқ узилганди. Мансабдор шошилинч равишда шифохонага ётқизилиб, операция қилинган. Кейинроқ у соғайган ва шифохонадан чиқарилган.
Гумонланувчи cифатида давлатга қарашли “Турғин уй Шимкент” МЧЖ собиқ раҳбари Эрнар Жиембай қўлга олинган. Тергов жараёнида унинг Руслан Берденов лавозимини эгаллаганидан кейин корхона раҳбарлигидан бўшатилгани ва шу сабабли Берденовдан ўч олишга урингани маълум бўлганди.
Прокурор судланувчининг 11 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинишини сўради. Аммо суд якунда уни одам ўлдиришга суиқасд қилишда айбдор деб топиб, 9 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Қайд этиш жоиз, ўтган ҳафта Руслан Берденов ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этди.
Live
Барчаси