Залужнийнинг кабинетидан тинглаш мосламаси топилди
Олам
−
20 Декабрь 2023
10272Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони Валерий Залужнийнинг кабинетидан тинглаш мосламаси топилди. Шундан сўнг Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) ахборот олишнинг махсус техник воситаларини ноқонуний эгаллаш, сотиш ёки улардан фойдаланиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда “Украинская правда” хабар берди.
УХХнинг таъкидлашича, қурилма Залужнийнинг офисида эмас, балки "келажакда у иш бошлаши мумкин бўлган" хоналарнинг биридан топилган. Разведка хизмати маълумотни сақлаш учун ҳеч қандай восита ёки маълумотни масофадан узатиш воситаларини топмаганини ва қурилманинг ўзи ишламай қолганини билдирган.
“Украинская правда”нинг разведка хизматидаги манбаларига кўра, қурилма 17 декабрь куни Залужний кўчиб ўтмоқчи бўлган идорани текшириш чоғида топилган. Нашр манбалари бош қўмондоннинг қўл остидаги бир нечта шахсларнинг хоналаридан ҳам тинглаш мосламалари топилгани ҳақида хабар берган.
Маълумот учун, ноябрь ойидан бери Украина ва хорижий оммавий ахборот воситалари Украина Президенти Владимир Зеленский ва Украина Қуролли кучлари Олий бош қўмондони Валерий Залужний ўртасида юзага келиши мумкин бўлган можарони муҳокама қилмоқда. Ҳаммаси Залужнийнинг “The Economist” газетасига берган интервьюсидан бошланди. Унда бош қўмондон уруш боши берк кўчага кириб қолгани ва узоқ давом этиши мумкинлигини айтганди. Ўз навбатида, Украина Президенти Залужнийнинг сўзларига очиқчасига эътироз билдирди ва кейинроқ ҳарбийлар сиёсат билан шуғулланмаслиги кераклигини айтди. Зеленскийнинг идораси эса мамлакат ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти ўртасидаги бўлиниш борлигини рад этган.