Захарованинг баёнотлари оҳанги иттифоқчилик табиатига зид – Қозоғистон ТИВ
Олам
−
05 Октябрь 2022
10540Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эълон қилган баёнотнинг оҳанги тенг ҳуқуқли стратегик шериклик характерига мос эмас. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Россия томоннинг Украина элчиси ҳақидаги баёнотига шундай муносабат билдирди.
“Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг Украина элчисининг Қозоғистондан чиқариб юборилиши ҳақидаги изоҳига келсак, шуни таъкидлашни истардимки, унинг баёнотлари оҳанги, бизнингча, Қозоғистон ва Россиянинг тенг ҳуқуқли стратегик шериклар сифатидаги ўзаро иттифоқчилик муносабатларининг табиатига мос келмайди.
Маълумки, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг жаноб Врублевскийнинг провокацион хатти-ҳаракати бўйича принципиал позицияси Украина томонига, шунингдек, жамоатчиликка етказилган. Шунингдек, Украина томонига Пётр Врублевскийнинг қозоғистонликларнинг, айниқса этник русларнинг ҳис-туйғуларини ранжитган баёнотлари қабул қилиниши мумкин эмаслиги ҳақида маълумот берилди. Украина томонига бу каби баёнотлар элчи фаолиятига мос эмаслиги ҳам айтиб ўтилди”, дейди Смадияров.
Унинг аниқлик киритишича, Украина томони буни тушуниш билан қабул қилган ва Врублевскийни чақириб олиш бўйича келишувга эришилган.
“Айни пайтда Украина Ташқи ишлар вазирлигидан Остонага янги элчи тайинлаш бўйича сўров келиб тушган. Шуни қайд этишни истардимки, биз Украина томони билан бу масалада ўзаро ҳамфикрликка эгамиз. Украина элчиси мамлакатимизда номақбул мақомга эга ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа давлат идораларида учрашувлар режалаштирилмаган”, дея аниқлик киритган Смадияров.
Шунингдек, у Захарованинг элчини жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги чақириғига изоҳ берди.
“Россия ТИВ вакили қандай жиноий жавобгарлик ҳақида гапираётганини тушунмаяпмиз, чунки Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Вена конвенциясига кўра, дипломатик дахлсизликка эга”, дейди у.
Аввалроқ Қозоғистоннинг Москвадаги элчиси Россия ТИВга чақирилгани ва Украина элчиси Остонага қайтгани учун норозилик билдирилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси