Спортдаги бурилиш

Таҳлил

Ўзбекистонда спорт ҳукумати янгиланди. Энди шахсан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Президенти лавозимида ҳам фаолият олиб боради ва Мирзиёевнинг кенжа куёви, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров МОҚда Шавкат Мирзиёевга биринчи ўринбосар сифатида ёрдам беради. Ортда қолаётган ҳафта спорт ҳукуматидаги янгиланишлар, машҳур рассомнинг ўзбек таронасидан фойдаланиб, ижодий иш яратгани ва дунё ҳамда ўзбек футболида йилнинг энг яхшиси бўлишга даъвогарларнинг номлари аниқ бўлгани билан ёдда қолди. Шу мавзулар ҳақида QALAMPIR.UZ’нинг спорт дайжестида сўз очамиз. Ассалому алайкум.

Мирзиёев МОҚ раиси, Умаров эса унинг 1-ўринбосари бўлди

25 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Бош ассамблеяси бўлиб ўтди ва унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилди ва бир овоздан сайланди. 

Шунингдек, Бош ассамблея МОҚ раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Отабек Умаровни, раис ўринбосари лавозимига Шерзод Тошматовни, қўмита бош котиби лавозимига Ойбек Қосимовни сайлади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Бош ассамблея аъзолари, шунингдек, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари ҳам қатнашди.

Ҳамид Саҳари янги ижодий ишида ўзбек қўшиғидан фойдаланди 

Таниқли карикатурачи-рассом Ҳамид Саҳари “Реал Мадрид”нинг бразилиялик ҳужумчиси Винисиус Жуниор “Олтин тўп” ололмаганидан йиғлаб, олов атрофида ўтиргани акс этган анимацион карикатура чиқарди. 

Эътиборлиси, карикатурада Жуниорнинг жамоадоши Эдуардо Камавинга гитара чалиб, қўшиқ айтаётгани тасвирланган ва мазкур ижодий ишни яратишда Саҳари ўзбекистонлик хонанда Достон Эргашевнинг “Кўзмунчоғим” қўшиғидан фойдаланган.

“Ассалому алайкум. Биз ўзбекистонлик футбол мухлислари сизнинг ижодий ишларингизни катта қизиқиш билан кузатамиз. Катта раҳмат, сиз туфайли янада машҳур бўлдим” , деб ёзган Эргашев Саҳари видеоси остида.

“Ажойиб санъатингиздан ҳаммани баҳраманд қилганингиз учун сизга раҳмат”, деб жавоб қилди Саҳари.

Янгиланган FIFA рейтингида Ўзбекистон нечанчи ўринни эгаллади?

Ўзбекистон терма жамоаси Халқаро футбол федерациясининг (FIFA) янгиланган рейтингида 424,93 очко тўплаб, 58-ўринни эгаллади.

Сречко Катанец ўтган ойдаги рейтингда ҳам 58-ўринни банд этганди. Ноябрь ойида “оқ бўрилар” 2 та ўйин ўтказиб, 1 та ғалаба ва мағлубият қайд этди.
Ўзбекистон терма жамоаси Осиё жамоалари ичида ҳамон 7-ўринда бормоқда. Осиёда кучли учликдан Япония, Эрон ва Жанубий Корея жой олган.

Рейтингда ҳамон амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси етакчилик қилмоқда. Кучли бешликка Франция, Испания, Англия ва Бразилия терма жамоалари киритилган.

FIFA йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийи бўлишга даъвогарларни маълум қилди

Халқаро футбол федерацияси (FIFA) йил якунларига кўра, бир нечта номинацияларда йилнинг энг яхшиларини аниқлаб, “The Best” соврини учун ўз номзодларини эълон қилди.

Ташкилотга кўра, йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга “Реал” аъзолари Жуд Беллингем. Дани Карвахаль, Тони Кроос, Киллиан Мбаппе, Винисиус Жуниор ва Федерико Вальверде, “Ман Сити”дан Эрлинг Холанд ва Родри, “Барселона”дан Ламин Ямаль, “Байер” аъзоси Флориан Вирц, “Интер Майами” ҳужумчиси Лионель Месси даъвогарлик қилмоқда.

Йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун эса “Реал”нинг италиялик бош мураббийи Карло Анчелотти, Испания терма жамоаси устози Де ла Фуэнте, Аргентина термаси мураббийи Лионель Скалони, “Ман Сити” устози Пеп Гвардиола ва “Байер” бош мураббийи Хаби Алонсонинг номлари келтирилган.
Шунингдек, FIFA яна бошқа кўплаб номинацияларда йилнинг энг яхшиларини аниқлайди. Футболчиларга совринлар 2025 йил январь ойида топширилади.

Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси ва мураббийи бўлишга номзодлар аниқ бўлди

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлишга 14 нафар тўп устаси даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Совринга Аббосбек Файзуллаев, Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Ўткир Юсупов, Анвар Хожимирзаев, Ҳусниддин Алиқулов, Абдувоҳид Неъматов, Жалолиддин Машарипов, Акмал Мозговой, Остон Ўрунов, Одил Ҳамробеков, Жамшид Искандаров, Отабек Шукуров ва Шерзод Насруллаев номзодлик қилмоқда.

Йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун эса Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев ва Темур Кападзе номзодлари келтирилди.

Шунингдек, аёллар футболи ва футзалда энг яхшиларни аниқлаш учун номзодлар ҳам маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Спорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг