Юзга яқин қозоғистонлик Ғазодан Олмаотага етиб келди (фото)

Олам

image

Бугун, 17 ноябрь куни Ғазо секторидан эвакуация қилинган Қозоғистон фуқаролари Олмаота шаҳрига етиб келди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Бугун 99 нафар йўловчи – Қозоғистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари Олмаота шаҳрига махсус эвакуация бортида эсон-омон олиб келинди. Улар аэропортда барча мажбурий тартиб-қоидалар бажарилгандан сўнг вақтинчалик уй-жой билан таъминланиб, зарур ҳуқуқий ва тиббий ёрдам билан таъминланди”, дейилади ТИВ хабарида. 

Қайд этилишича, мазкур операциянинг муваффақиятли амалга ошишида Қозоғистоннинг Исроил, Иордания ва Мисрдаги элчихоналари ушбу давлатлар ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар яқиндан ёрдам берган. 

Вазирликнинг таъкидлашича, Яқин Шарқ минтақаси ташқи сиёсат идоралари раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида улар қозоғистонликларнинг Ғазо секторидан хавфсиз ва сўзсиз чиқиб кетиши бўйича келишувга эришган. 

“Қозоғистон дипломатлари эвакуация тадбирларини ташкил этиш ва можаро ҳудудида қолган Қозоғистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш устида ишлашда давом этади”, дея қўшимча қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, oктябрь ойи бошида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторида 25 га яқин оила, жумладан, мамлакат фуқаролари борлигини маълум қилди. 

23 октябрь куни Ғазо секторида Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлгани, у билан бирга қизи ҳам вафот этгани маълум бўлди. Депутат Нурия Ниёзова Ғазо секторида жойлашган қозоғистонликларни узлуксиз алоқа билан таъминлашни таклиф қилди. 

Ўтган ҳафта Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Ғазо секторида ҳозирда 76 нафар қозоғистонлик борлигини маълум қилди. Оила аъзолари билан бирга уларнинг сони 161 тани ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон эвакуация Олмаота Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг