Юнусободда 6 кишининг умрига зомин бўлган метро бекатлари қурилиши битказилди
Жамият
−
15 Июнь 2020
11487Тошкент метросининг Юнусобод йўналишининг 2-босқичида қурилиш ишлари тугатилди. Узунлиги 2,9 километр бўлган "Туркистон" ва "Юнусобод" метро бекатларида қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етиб, "Шаҳристон" бекатига уланди. Метро поездларининг синов тариқасида ҳаракатланиш ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда
Маълумки, Юнусобод тумани Тошкент шаҳри аҳоли жойлашуви бўйича энг зич ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шу боис ушбу туманда 2001 йилнинг август ойида 7,6 километрлик 6 та бекатдан иборат “Юнусобод” ер ости метро йўлининг 1-босқичи ишга туширилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2016 йилнинг декабридан эса "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан “Юнусобод” линиясининг "Юнусобод" ва "Туркистон" бекатларигача бўлган узунлиги 2,9 километрдан иборат битказилмай қолган ҳудудида бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган эди.
Ушбу лойиҳа "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг "Кўприкқурилиш трести" унитар корхонаси тизимидаги 67-Кўприкқурилиш отряди мутахассислари томонидан бажарилди. "Тошкент метро лойиҳа" масъулияти чекланган жамияти лойиҳалари асосида бунёдкорлик ишлари бажарилган объектнинг умумий қиймати 103,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Ушбу лойиҳани ер ости туннел қисмини бурғулаш ишлари Марказий Осиёда илк бор қўлланилган Германия технологияси асосида механизациялаштирилган комплекс ёрдамида қазилган ҳамда юқори сифатли темир-бетон тюбинглар ўрнатилган. Ҳар бир бекат комплекс қурилишида монолит бетон услуби қўлланилган.
Қурувчи мутахассислар томонидан ер ости туннел қисмини ўнг ва чап йўналиши бўйича бурғилаш ишлари 100 фоиз бажарилиб, "Шаҳристон" бекатига уланди. Туннел қисмини ўнг ва чап йўналиши бўйича коммуникация (электр ва алоқа кабелларни тортиш) ишлари якунланди. Объектдаги "Туркистон" ва "Юнусобод" метро бекатларида қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ҳам якунига етди ҳамда бекатларнинг 4 томонли пиёдалар ўтиш йўлаклари тўлиқ қуриб битказилди. Ер ости туннел қисми ва бекатларнинг ўнг ва чап йўналишларида 2,9 километрдан иборат темир йўлларни ётқизиш, электр ва алоқа ўтказгичларини (кабеллар) ўтказиш ишлари бажарилиб, ушбу ётқизилган темир йўлдан метро поездлари синов тариқасида ҳаракатланди. "Туркистон" ва "Юнусобод" бекатлари безакларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш хомашёларидан фойдаланиб, IT русумидаги турникетлар, ер ости туннел қисми ва бекатларида эса электр тежамкорли ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Қайтд этилишича, бекатлар таркибидаги нимтортиш электр станцияларида замоновий ва тежамкор электр трансформаторлари ўрнатилганлиги электр энергиясини сифатли ва узлуксиз етказилишини таъминлашга хизмат қилади.
Имконияти чекланган, кўзи ожиз йўловчилар учун ҳам бекатлар платформасида қулай ва хавфсиз махсус бўртиб чиққан тактил плиткалар ётқизилгани поезд вагонларига чиқишда қўшимча хавфсизликни таъминлаш имконини беради. Шунингдек, бекатларга тушиш ва чиқиш зиналарида ногиронлар аравачаси билан кириб чиқишда фойдаланиладиган замонавий қияли электромобил аравачалари билан жиҳозланганлиги имконияти чекланган йўловчиларнинг зиналардан тушиш ва кўтарилиши учун қўшимча қулайлик яратади.
Тошкент метрополитенининг Юнусобод линияси 2-босқичи қурилишида Германия ҳамда Италия давлатларининг жаҳонга машҳур корхоналарида ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш техникаларидан ҳам унумли фойдаланилди. 2 та 220 тонналик юкни кўтарадиган занжирли кран, 3 та 70 тонналик юқори аниқликдаги (телескопик) автокран, ишлаб чиқариш қуввати соатига 20 ва 40 куб метрни ташкил этувчи мобил бетон заводлари, металлопрокатга ишлов берувчи 14 та қурилма, иккита ўта оғир, 350 тонналик юкларни ташувчи автоулов ҳамда қурилиш қозиқлари қоқадиган ва бурғилаш ускуналаридан ер ости бекати ҳамда линияларини қуришда фойдаланилган.
"Туркистон" бекатининг ички қисми оппоқ мармар плиталар билан безатилган бўлиб, 100 метрлик перрон ва унда 2 қатор оқ мармар тошлар билан пардозланган устунлар ўрнатилган. Бекат деворининг бир томонига Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистон давлатларининг диққатга сазовор жойлари, тарихий масканлари, иккинчи томонига эса Ўзбекистоннинг қадимий Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент шаҳарлари ҳамда Фарғона вилоятининг тарихий мақбаралари, муқаддас қадамжолари мозаика кўринишидаги суратлар ишланган.
Бекатнинг ҳар бир ҳудуди тўлиқ кузатув ва хавфсизлик камералари, замонавий кондиционерлар ҳамда ҳаво вентиляторлари ва товуш чиқарувчи техникалар билан жиҳозланган. Бекатларга кириш ва чиқиш ҳудудларида йўналиш белгилари ўрнатилган.
"Юнусобод" бекати "Туркистон" бекатига нисбатан қурилиши ва безак бериш учун ишлатилган материаллар ранги ва кўриниши ҳамда дизайни бўйича бироз фарқ қилади. "Юнусобод" бекатининг ички қисми ҳамда 100 метрлик Перон ўзига хос қия шаклида бунёд этилган. Қўшимча кўркамлик берадиган бу жиҳат перрон ўртасидан бир қаторлик нақшинкор устунларнинг дид билан бунёд этилгани муҳташам бекатни янада кўркам қиёфа касб этишини таъминлайди.
Бекатга кириш қисмида Тошкент шаҳрининг замонавий ва қадимий кўриниши акс этган тасвирий ойна кўринишидаги суратлар ўрнатилган. Бекатнинг икки томони эса 6 та замонавий монитор билан жиҳозланган.
Таъкидлаш лозимки, Юнусобод линияси янги бекатлар билан ҳисоблаганда 8 та бекатдан иборат. Аҳмад Дониш кўчасида қурилган "Тукистон", "Юнусобод" ҳамда мавжуд "Шаҳристон", "Бодомзор", Минор", "Абдулла Қодирий", "Юнус Ражабий", "Минг ўрик"дан иборат. Ушбу йўналиш "Юнус Ражабий" бекатидан Чилонзор йўлининг "Амир Темур" ҳамда "Минг ўрик" бекатидан эса Ўзбекистон йўлининг "Ойбек" бекатига уланади. Ушбу линиянинг янги бекатлари фойдаланишга топширилгач, бир кунда "Юнусобод" бекатида қўшимча 5 минг йўловчига, "Туркистон" бекатида эса 2 ярим минг йўловчига хизмат кўрсатилади.
Маълумот учун, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан пойтахтда бунёд этилаётган Тошкент ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган Дўстлик-2 – Қўйлиқ йўналишида лойиҳада белгиланган жами 7 та стансия ҳамда 11 километр йўллар тўлиқ қуриб битказилган эди.
2019 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Ахмад Дониш кўчасидаги “Меgа Рlаnеt” савдо маркази қарама-қарши томонида “Тошкент метрополитени қурилиш дирекцияси” буюртмаси асосида барпо этилаётган “Юнусобод” бекати 2-вестибюль курилиш объектининг ўнг томон хандақ (катловани) қиялик девори (откос)га ўрнатилган темир-бетон мустаҳкамлаш конструкцияси ёмғир сувлари сизиши ва автомобиллар қатновидан ҳосил бўлган тебраниш натижасида ер ўпирилиб, тупроқ ва темир-бетон конструкцияси қулаб тушган.
Воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида 6 нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди ва 258-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь