Юнусобод ҳокимлигининг собиқ масъулига жиноят иши очилди
Жамият
−
02 Октябрь 2022
10019Тошкент шаҳар Юнусобод туман ҳокимлигининг собиқ масъули икки нафар жиноий шериги билан биргаликда фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Қайд этилишича, Юнусобод туман ҳокимлиги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича бўлим собиқ бошлиғи икки нафар жиноий шериги билан бир фуқарога автосалондан янги Malibu русумли автомашинани олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 30 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритган ва ўзларининг эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган. 1 нафари эса терговдан яширингани сабабли, унга қидирув эълон қилинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь