Йўлкиралар ошяпти. “Кимга аза – кимга мазза?”
Жамият
−
05 Май 2023
20183Жорий йилнинг май ойи охирига қадар жамоат транспорти воситаларларида қатновчи йўловчилар учун тўлов таърифлари ўзгаради. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Кутилаётган таъриф режасига кўра, жамоат транспорт воситаларида қатнаш учун йўлкиранинг бир марталик нархи 2000 сўм, банк ва транспорт карталари, мобил иловалар орқали тўлов қилувчи йўловчилар учун эса 1600 сўмга ўзгаради.
Келтирилишича, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида жамоат траспортидан фойдаланувчиларнинг қарйиб 55-60 фоизи махсус автоматлаштирилган тўлов тизими орқали йўл ҳаққини тўлаб келмоқда. Мазкур кўрсаткични яхшилаш мақсадида электрон тўлов қилувчилар учун нақд тўлаган йўловчиларга қараганда арзонлаштирилган тарифлар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, бир транспорт туридан иккинчи, учинчи ва тўртинчи маротаба фойдаланган йўловчилар учун эса қулай имтиёзлар берилмоқда. Бунда бир автобусдан бир соат мобайнида фойдаланилса 1600 сўм ёки бир соат ичида иккита автобусдан фойдаланилса яъни, алмашиш (пересадка) қилинса, биринчи мартасига 1600 сўм, кейинги сафарига 400 сўм ечилади. 3 мартадан кўп марта транспортдан фойдаланган йўловчилар учун, фойдаланиш мутлақо бепул бўлади.
Метрополитендан фойдаланган йўловчилар учун 1 марталик юриш 1600 сўм. Дастлаб метро, сўнг автобусдан фойдаланилса, 1600 ҳамда 1000 сўм ва учинчи транспортдан фойдаланиш эса бепул. Мазкур “пересадочный” тўлов тарифлари фақат электрон тўлов қилувчилар учун амал қилади. Нақд тўлов қилувчилар учун эмас.