Йўл бўлсин?! Кимлар Россияга кетиши мумкин?

Интервью

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар тикланяпти. Бир йилдан ортиқ давом этган танаффусдан кейин Россия билан мунтазам парвозларнинг тикланиши карантин вақтида Ўзбекистонга қайтиб, кетолмай қолганлар томонидан алоҳида мамнуният билан қабул қилинди. Аммо бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Россия томони мамлакатга ҳамма ҳам киритилавермаслигини маълум қилди.

Россияга ишлайдиганларни эса айни вақтда ушбу мамлакатга қандай кетиш ҳақидаги саволлар қийнаяпти. Шу каби саволларга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Йиғма таҳлил бошқармаси бошлиғи Азим Аҳматов билан суҳбатлашди.

Феруза Нажмиддинова, журналист: ― Фуқаролар ишлаш, яқинларини кўриш ёки бошқа мақсадларда Россия, Қозоғистон ёки Туркияга бориши мумкинми? Масалан, мен Россияга кета оламанми?

Азим Аҳматов, Маълумки, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Йиғма таҳлил бошқармаси бошлиғи: ― 2020 йилнинг март ойидан коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пандемия сабабли давлатлар ўртасидаги авиақатновлар чекланди. Шу билан бирга қишки таътил учун Ўзбекистонга қайтганлар ҳам бор. Бошқа мақсадлар эмас, айнан меҳнат мигрантлари ва уларнинг ишга кетишига алоҳида тўхталиб ўтаман. 2020 йил 15 мартдан эътиборан карантин сабабли хориждан келадиган фуқароларнинг кириб келишларига чекловлар қўйилди. Карантин чоралари юмшатилгач, маълум қоидалар ҳам юмшатилди, албатта. Ўзбекистон фуқароларининг Россияга кириши бўйича музокаралар олиб борилди. Aвгуст ойида эса фуқароларни Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга ишга юборишга эришдик. Карантин чекловларини инобатга олиб, уларга риоя этилган ҳолда 10 272 нафар фуқаролар хорижда, келишув асосида ишга жойлаштирилган.

Ўзбекистоннинг асосий фуқаролари ўзлари мустақил кетишган ва меҳнат фаолиятларини амалга оширишган. 10 минг фуқаронинг сони мустақил кетадиган фуқаролар сонини ташкил қилмайди. Мисол тариқасида айтмоқчиман, 2018 йилда 3 500 фуқаро, 2019 йилда 4 400 нафар 2020 йилга келиб эса 10 272 нафар фуқаро келишув асосида ишга жойлаштирилган. 2021 йилнинг уч ойида 6400 фуқаро хорижий давлатларда расмий равишда иш бошлаган.

Aфсуски, бугунги кунда Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси ёки Корея Республикасида ҳам мигрантларни қабул қилиш бўйича маълум чекловлар бор. Фуқаролар мустақил тартибда кета олишмайди. Aвиақатновлар йўлга қўйилгани сабабли, бошқа бир давлатга кетсалар ҳам, уларнинг қонун-қоидаларига бўйсунишлари шарт ва чеклов бор давлатларга кира олмайдилар. 500 дан ортиқ фуқаролар ўз ихтиёрлари билан кетишди ва аэропортдан қайтган ҳолатларига гувоҳ бўлдик. Улар рухсатсиз борганлари учун ҳам ортга қайтишга мажбур бўлишган.

Ташкиллаштирилган тартибда, яъни ташқи меҳнат миграцияси ёки бошқа меҳнат мигрантларини ишга юборувчи ташкилотлар томонидан кетган ҳар бир фуқаро муаммосиз бориши мумкин. Яъни улар қайсидир давлатга бориб, ишлаш имониятига эгалар. Бир нарсани алоҳида айтиб ўтиш керак, ҳозирги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан, қайси давлат бўлишидан қатъи назар давлат аҳамиятига молик қурилишларда ишлашни истаган фуқаролар учун махсус комиссия рухсати билан танловлар ўтказиляпти. Бунда йирик иш берувчиларнинг вакиллари келиб ёки онлайн тарзда суҳбат ўтказишяпти. Ишга кетиш истаги бўлган фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, Россия ёки Қозоғистон махсус комиссиясидан рухсат олиниб, ўша давлатга юборилади.

Ф.Н.: ― 1 апрелдан Россия билан авиақатновлар тикланади дейилиши билан ҳамма ҳаракатга тушиб қолди. Aвиакомпанияда эса рейслар қўйилмагани ҳақида айтиляпти, бунга қандай изоҳ бериш мумкин?

А.А.: ― Россия томони берган баёнотни ўқидик. Бугунги кунда Россия ҳам ҳафтада бир маротаба Ўзбекистонга қатновларни йўлга қўйди. Лекин қатнов йўлга қўйилгани билан маълум чекловлар олиб ташланмаган. Aсосли ҳужжатларга эга бўлмаган фуқароларни Россияга боришлари мумкин эмас. Йўл очилиши ва доимий қатновларнинг йўлга қўйилиши чипта нархларининг нормал ҳолатга келишига ҳам сабаб бўлади.

Ф.Н.: ― Йўл очилди дейилиши билан чайқовчилар ҳам пайдо бўлади, ҳозирги кунга қадар шундай тадбиркорлар кузатилганми?

А.А.: Aлбатта, бундай “тадбиркорлар” бор. Улар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ички ишлар ходимлари томонидан юритилади. Бу каби “тадбиркорлар” карантин чекловлари даврида ҳам бўлди ва ҳозир ҳам пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ф.Н.: ― Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг қанча фуқароси мигрант ҳисобланади?

А.А.: ― Бугунги кундаги статистика хорижий давлатларда 1,6 млндан 1,8 млн нафар атрофида фуқароларимиз борлигини англатади. Сўнгги йилларда мигрантлар сони 2,3 млндан 2,6 млн атрофида ўзгариб турарди. 15 йил аввал эса меҳнат мигрантлари сони 3 млнни ташкил этар эди.

Ф.Н.: ― Пандемияда мигрантларнинг бошқа давлатга бора олмагани Ўзбекистоннинг ички пул айланмасига, иқтисодига қанчалик таъсир қилди ва буни миграция агентлиги ҳисобладими?

А.А.: ― Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга юборилган маблағлар деярли ўзгармади. Биласизми, ишчи кучини етказиб берувчи ва қабул қилувчи давлатлар бор. Биз ишчи кучи етказиб берувчи давлатлар қаторидамиз, шу сабабли, Ўзбекистонга қайтиб келмаган фуқароларга талаб ошиб, уларнинг меҳнат ҳаққи ҳам етарли даражада кўтарилди. Бунинг натижасида иқтисодга пандемиянинг у қадар таъсири бўлмади. Учта меҳнат мигранти оладиган маошни биргина мигрант қўлга киритди, десак ҳам тўғри бўлади.

Ф.Н.: ― Aввалроқ, Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларга патент олишни соддалаштириш ҳаракати бошланганди. Бу бўйича ишлар якунига етдими ёки музокаралар тўхтаганми? Қандай қулайликлар яратилди?

А.А.: Бу иш устида 2019 йилдан буён ишлаяпмиз. Шу орқали Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларида Россия Федерациясининг миграция марказларини очишга ҳаракат қилдик ва очдик. Пандемия сабабли очилган марказлар фаолиятини бироз муддат тўхтатиб турди. Бугунги таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, Москва вилояти ва Москва шаҳрида меҳнат мигрантлари кўп. Шу сабабли Москва шаҳридаги кўп тармоқли миграция маркази жорий йилнинг 16 март куни Тошкент шаҳридаги Ишга марҳамат мономаркази очилди. Бугунги кунда хизмат кўрсатишга тайёр. Пандемия чекловлари тугатилганда ёки яна ҳам енгиллаштирилса, Меҳнат мигрантларига жуда ҳам енгил бўлади. Россия Федерациясига борганда патент учун 9 турга яқин ҳужжатлар талаб этилади ва бу ҳужжатларнинг кўпи, 6 ёки 7 таси Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаб берилади. Бу эса меҳнат мигрантлари бошқа давлатга бориб ортиқча сарсон бўлмаслиги учун берилган имкониятлардан яна бири, десак тўғри бўлади.

Ф.Н.: ― Миграция агентлиги ўзбекистонлик муҳожирлар учун патентни бекор қилиш бўйича таклиф киритганми?

А.А.: ― Aлбатта, патентни олиб ташлаш масаласида ҳам музокаралар олиб борилади, меҳнат миграцияси соҳасида ҳар бир давлат, у юборувчи ёки қабул қилувчи бўлишидан қатъи назар ўз талабларини киритиб бориши халқаро миқёсда ҳам кузатилади. Ўзбекистон чегарасидан чиқдикми, демак қайси давлатда яшаб истиқомат қилсак ва ишласак, уларнинг қонун қоидаларига бўйсуниш, риоя қилишимиз шарт. Шу билан бирга, Ўзбекистонга хориждан келиб ишлайдиган меҳнат мигрантлари учун ҳам тартиб тамойил бўлади. Фақатгина ЕОИИга аъзо давлатлар фуқароларидан патентлар талаб этилмайди.

Ф.Н.: ― 2020 йилнинг 15 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда ҳар бир мигрантни ўқитиш, уларни касбга тайёрлаш марказлари очилиши ҳақида айтилганди. Бу марказлар ҳозирги кунда қайси ҳудудларда ташкил этилди ва қанчалик самарали ишлаяпти.

А.А.: Қарор қабул қилингандан сўнг ишлар бошланган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қарашли ва бошқа ОТМ таркибига кирувчи касб-ҳунар коллежлари негизида касбга ўқитиш марказлари ташкил қилинди. Меҳнат мигрантлари учун алоҳида 217 та касбга ўқитиш марказларидан иборат тизим яратилди. Буларнинг ичида 15 та Ишга марҳамат мономарказлари бор, улар 14 та ҳудудда ташкил этилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги негизидаги 30 та коллеж ва 136 та маҳаллаларда касбга ўқитиш марказлари ташкил этилган. Шу билан бирга, Қурилиш ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари таркибида ҳам 36 та касбга ўқитиш марказлари ташкил этилган. Бу марказларнинг асосий мақсади, фуқароларни Ўзбекистон ҳудудида ўқитиб, касбга тайёрлаш эмас, балки вақтинча меҳнат фаолияти учун хорижга ишга кетиш истагида бўлган меҳнат мигрантларининг ҳам касб малакасини ошириб, бирор давлатга борар экан, қиладиган ишини тўғри бажариши, ортиқча қийналиб юрмасликлари учун ташкил этилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш ўринли, ўтган йилнинг ўзида 21 100 фуқаромиз ушбу марказларга қамраб олинди ва бугунги кунда 17 минг нафари ўқишни давом эттираётган бўлса, қолганлари ўқишни тамомлаб, сертификатларга ва маълум касбга эга бўлди. 2021 йилда 11 минг фуқаро касбга ўқитиш учун қамраб олинди. Уларнинг ичида 700 дан ортиғи хорижий тилларга ўқиган бўлса, қолганлари дурадгор, уста ва шу каби бошқа касбларга ўқитилмоқда. Хорижий меҳнат бозорини таҳлил қилиш жараёнида, бугунга келиб 20 дан ортиқ касбларни амалиётга жорий қилганмиз.

Ф.Н.: ― Марказларда ўқиган фуқароларнинг қанчаси меҳнат мигранти сифатида иш бошлади?

А.А.: ― Таълим олган фуқароларни танловларга таклиф қилиш бошланган, адашмасам касбга ўқитилган 2 мингдан ортиқ фуқароларимиз кетишган.

Ф.Н.: ― Миграция агентлиги томонидан касбга тайёрланиб, ишга кетишни режа қилганлар, борадиган ҳудудида коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлиги сабабли хавфсизлик нуқтаи назаридан нима қилишади? Ватанда қолишадими ёки кетишлари мумкин бўладими?

А.А.: Бу саволга Корея мисолида жавоб бермоқчиман. У ерда вазият оғирлиги туфайли ҳозирги кунга қадар бирорта мигрантни бориб ишлашларига эришолмадик. Музокаралар ўтказиш давомида, Корея Республикасида ишлаб, меҳнат таътилига келган фуқароларнигина Кореяга юборишга муваффақ бўлдик. Ўрнатилган тартибда синовлардан ўтган, бугунги кунда Кореяда иш берувчилари томонидан танланган фуқароларни ишга юбориш масаласида Корея ҳукумати томонидан чекловлар ечилгани йўқ. Худди шу сингари вазият жиддийлашгани билан бир томонга боғлиқ масала эмас. Мигрантларнинг бирор давлатга юборилишида айнан шу давлатдаги карантин чекловлари ҳам инобатга олинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Карантин чоралари Йўл бўлсин меҳнат миграция

Баҳолаганлар

353

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг