“Йўқ, болалар”. Медведев Россиянинг G20 дан ҳайдалиши ҳақида гапирди
Олам
−
26 Март 2022
21119Россияни “Катта йигирматалик” (G20) дан чиқариб ташлаб бўлмайди, чунки бу формат консенсуал йўл билан пайдо бўлган, G7 эса энди ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев “РИА Новости”га берган интервьюсида таъкидлаган.
“2008 йилда биз “йигирматалик”ни яратган эдик. “Россияни “йигирматалик”дан чиқарайлик!” дейишади. Лекин у менинг кўз ўнгимда қандай туғилганини эслайман, бу қарорлар биргаликда қабул қилинган. Бунда аввал Буш иштирок этган, кейин Обама. Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон каби турли давлатларнинг вакиллари бир столда ўтирганидан ҳамма қувонган. Ва бу консенсуал, якдиллик асосида вужудга келган формат эди. Энди улар бизга: “Келинг, чиқарайлик”, дейишяпти. Йўқ, болалар, бундай қилиш мумкин эмас!”, дейди Медведев.
Унинг эслатишича, 2014 йилда Россия G8 дан чиқарилган, бироқ унинг сўзларига кўра, “бу бошқа масала”.
“Бизни саккизинчи аъзо бўлишга таклиф қилган эдингиз. Бу бошқа масала, бу сизнинг қандайдир ёпиқ клубингиз, бизни кўришни хоҳламайсиз – биз у ердан кетдик. Лекин ҳозир бу клубнинг умуман аҳамияти йўқ. G20 бошқа масала, лекин бу G20 бизга 2008 йилдаги инқирозни енгишда ёрдам берди”, деган Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.
Маълумот ўрнида, G20 га Австралия, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Корея Республикаси, Япония ва Жанубий Африка Республикаси аъзо ҳисобланади.
LiveБарчаси